ССВ 1-сонли клиник шифохонасида коронавирусга чалингани тахмин қилинган бемор билан боғлиқ воқеага изоҳ беради
Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси билан боғлиқ аудиолар тарқалди. Унда коронавирусга чалингани тахмин қилинган бемор шифохонага жойлаштирилишига қаттиқ қаршилик кўрсатилгани, норозилик овозлари эшитилган. Мазкур воқеа бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:
21 март куни соат 18:15да «Деҳли-Тошкент» йўналиши бўйича Ҳиндистондан учиб келган рейсда 254 нафар йўловчи орасида 9 ёшли бола ҳам бўлган. Сирдарёлик бу бола Ҳиндистонда бошидан операция ўтказган (кўпчилик одатда бу давлатга турли операциялар ўтказиб келиш учун боради – таҳр.) ва қайтган пайтида тана ҳарорати 39 даража бўлган.
Республикадаги вазият, шифо маскани яқинлиги ҳисобга олиниб, қолаверса «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси карантинга олингани ва энг муҳими – реанимация бўлимида жой борлиги учун бола шу шифохонага олиб борилган. Қолаверса, ҳар бир бемор, айниқса болалар соғлиги учун шифокорлар жавобгардирлар.
Бу шифохонада сақланаётганлар ва уларнинг ташқарида турган яқинлари орасида «коронавирусга чалинган одам орамизга олиб келинди» деган гап тарқалиб, шифокорларнинг тушунтиришларига қарамай кескин норозиликлар билдирилган.
Кейинчалик бола бошқа ихтисослашган шифохонага жойлаштирилиб, реанимацион чора-тадбирлар амалга оширилди. Айни пайтда бола ўз кузатувчиси бўлган бобоси билан махсус жойда ва аҳволи ўртача оғирликда, коронавирусга оид лаборатор текширувлар амалга оширилмоқда. Бемор бу касалликка чалингани айни пайтда тасдиқланмаган.
Фурсатдан фойдаланиб, шундай синов даврида фуқароларимиздан осойишталикни сақлаб қолишни, ваҳимага берилмасликни, асоссиз маълумотлар таъсирига тушмасликни яна бир бор сўраб қоламиз. Унутманг, шифокорлар сизнинг соғлигингиз ва хавфсизлигингиз учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қайғурмоқдалар, дейилади ССВ тарқатган хабарда.
Шарҳлар