ССВ коронавирус бўйича статистикадаги номувофиқликларга изоҳ берди

ССВ коронавирус бўйича статистикадаги номувофиқликларга изоҳ берди

Сешанба куни президент матбуот хизмати бугунги кунда “Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган. Ҳозирда ушбу ўринларда 6 минг 570 нафар бемор даволанмоқда”,  деган маълумотни берганди, деб ёзади Газета.uz нашри.
 
Ушбу нашр ва қатор блогерлар ушбу маълумотнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) статистикасига тўғри келмаётганига эътибор қаратади. Мазкур статистикага кўра, 17 ноябрь соат 19:00 ҳолати бўйича коронавирусдан 2123 нафар бемор даволанмоқда.

ССВ бунга изоҳ берди, унга кўра 6570 рақами “ўткир респиратор касалликларга эга беморларни, коронавирусга гумони бор ва оғир пневмонияга чалинган беморларни ҳамда вирус (коронавирус – муҳ.) борлиги тасдиқланмаган беморларни” ўз ичига олган.
 

«Коронавирус билан боғлиқ статистикага касаллик махсус лаборатория тиббий тадқиқотлари йўли билан тасдиқланган беморларгина киритилган», — дейилади изоҳда.

«Коронавирус бўйича умумий расмий статистикада, табиийки, касалликнинг алоҳида белгилари мавжуд бўлган, касалликка гумони бўлган, аммо инфекция борлиги тасдиқланмаган, пневмония билан касалланган ёки унга гумони бўлган беморлар ҳисобга олинмайди», — дея қайд этади ССВ.

«Шунга қарамасдан, бундай беморлар учун ҳам юқумли касалликларга ихтисослашган ва мамлакатнинг қатор ҳудудларида ташкил қилинган тақсимлаш марказларида стационар даволаниш учун зарур шароитлар яратилган. Ҳозир улар шундай муассасаларда даволанмоқда», — дейилади хабарда.

«Касаллик тасдиқланган тақдирда, улар дарҳол расмий статистикага киритилади ва инфекцион касалхоналарга юборилади. Шу боис коронавирус тасдиқланмаган, аммо бошқа касалликлардан даволанаётган беморлар ҳам жуда кўп. Ушбу беморлар ҳисобидан ҳам касалхоналарда коронавирусдан даволанаётган беморлар сонида ва вазирлик томонидан эълон қилинаётган расмий сонда фарқ юзага келган», — дея қайд этади ССВ.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.