Суд Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида қолиб кетган 50 нафар Тожикистон фуқаросини депортация қилиш ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон жанубидаги Ўзбекистон билан чегара ҳудудда 178 нафар Тожикистон фуқароси қолиб кетган, улардан 50 нафари мамлакатдан чегаралар ёпиқ шароитда депортация қилинган. Бу ҳақда “Настоящее время” нашри Озодлик радиосининг тожик хизматига таянган ҳолда хабар беради.
Меҳнат муҳожирлари 2 ва 3 июнда чиқарилган суд қарорларининг нусхаларини “Радио Озоди” таҳририятига юборган, уларда Қозоғистон ҳудудини уч кун ичида тарк этиш талаби кўрсатилган. Муҳожирлар суд қарорини бажармаганлик учун жазодан ва қамоқдан хавфсирамоқдалар.
Тожикистонлик меҳнат муҳожири Меҳроб Кабиров қурилиш компаниясида ишлаш учун Қозоғистонга февралда келган, аммо мамлакатда эълон қилинган карантин сабабли ишга тушолмаган.
«Ишга фақат 25 майда чиқдим, аммо шу куни мени ва яна бир нечта тожикистонликни ҳибсга олишди. Биз судьядан депортация ҳақида қарор чиқармаслигини сўрадик, чунки бир томондан пулимиз йўқ, иккинчи томондан ҳамма чегаралар ёпиқ. «Бу сизнинг муаммоингиз, уч кун ичида Қозоғистон ҳудудини тарк этишингиз керак, деди судья”», – дейди у.
Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси берган маълумотга кўра, “Жибек-Жоли” чегара ўтказиш пунктида тўпланганлардан ҳеч ким улардан ёрдам сўраб мурожаат қилмаган. Бироқ муҳожирларнинг сўзларига кўра, улар элчихонага ҳар куни қўнғироқ қилишган ва дипломатларни бу ҳақда хабардор қилишган. Улар эса, ўз навбатида, муҳожирлар депортация қилинмаслигига ишонтиришган.
Элчихонанинг таъкидлашича, Қозоғистон ҳукумати пандемия даврида бирортаям Тожикистон фуқаросини қўлга олмаган. “Сиз тилга олган фуқароларнинг ҳаммаси ҳамон Қозоғистон ҳудудида бўлиб, улар Қозоғистон-Ўзбекистон чегараси очилгунга қадар ёки авиқатновлар тиклангунича мамлакатда қолишлари мумкин”, – дейилади дипломатик миссиянинг таҳририятга жавобида.
Шарҳлар