Судларга ОАВ мажлислар залига киришига тўсиқлар яратиш тақиқланди
21 февраль куни Олий суд пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
– очиқ суд мажлисларини процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар қатнашишини истисно этадиган биноларда ўтказиш;
– оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилиш.
– ёпиқ суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш, бундай мажлисда аудио- ва видеоёзувни амалга ошириш;
Очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
– фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
– жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан;
Очиқ суд мажлисида аудиоёзувни амалга оширишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
– фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
– жиноят иши ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.
Процессуал қонун талабларига мувофиқ фуқаролик, жиноят, иқтисодий, маъмурий ишлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриш натижаси бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари, суд муҳокамаси очиқ ёки ёпиқ тарзда ўтказилишидан қатъи назар, ошкора эълон қилинади, қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Жумладан, вояга етмаган шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тегишли ёпиқ суд мажлисида кўрилган фуқаролик иши бўйича суд қарори (масалан, фарзандликка олиш ҳақидаги) ошкора эълон қилинмайди.
Судлар фаолияти тўғрисидаги ахборот умумфойдаланиш учун очиқ ҳисобланади, ахборотдан фойдаланиш қонун билан чекланган ҳоллар бундан мустасно (Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси).
Фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборотга, жумладан, қуйидагилар киради:
– давлат сирларига доир, (Ўзбекистон Республикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 3, 5-моддалари);
– қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга доир (масалан, фарзандликка олиш сири) (Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 153-моддаси);
– шифокорлик сирига доир (Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 25-моддаси бешинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 19-моддаси);
– қонунга асосан фойдаланиш чекланган бошқа ахборотлар.
Суд ахборотнинг муайян қисми фойдаланиш учун чекланганлигини сабаб қилиб, талаб этилган ахборотни беришини рад қилишга ҳақли эмас.
Бундай ҳолатда ахборотнинг умумфойдаланиш учун очиқ қисми тақдим этилади.
Шарҳлар