Сўх туманида 450 млрд сўмлик лойиҳаларни ишга тушириш кўзланмоқда
Сўх тумани анклавда жойлашган, шу боис ишлаб чиқариш ва саноат соҳасидаги кўрсаткичлар жуда паст, – дейди Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев. Шуни ҳисобга олиб, қарор лойиҳасида туманда ишлаб чиқарувчилар учун солиқ имтиёзлари бериш кўзда тутилган. Бу орқали ҳам четдан, ҳам вилоятдан инвесторлар жалб қилинади, дея хабар беради “Daryo” нашри.
«Туманда цемент, қум, тош, гипс каби қурилиш материалларига ресурс катта. Ҳозирда мева ва сабзавот маҳсулотларининг атиги 10-15 фоизи қайта ишланяпти. Ишлаб чиқилган қарорда 450 миллиард сўмлик лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган. Агар ушбу лойиҳалар ишга тушса, ҳам мева ва сабзавот маҳсулотларини, ҳам қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришда анчагина ўзгариш бўлади. Йўлларни яхшилаш мақсадида цементобетон йўлларни қуриш учун жами 20 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланади», – дея қайд этади М.Убайдуллаев.
Вилоят ҳокимлиги берган маълумотларга кўра, Сўх тумани маҳаллий бюджетига йилига 52 миллиард сўм маблағ келиб тушади ва бу вилоят бюджетининг 1,5 фоизини ташкил этади. Тушумлар тумандаги мактаб, боғча, пенсиялар – маҳаллий харажатларнинг 50 фоизини қоплашгагина етади. Қолган харажатлар вилоят бюджетидан тўлаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида низо юз берди, унинг натижасида 187 нафар ўзбекистонлик ва 25 нафар қирғиз фуқароси жабрланди.
Бизни Telegram каналда кузатиб боринг
Шарҳлар