Суриядан Ўзбекистонга 98 нафар аёл ва бола қайтди

«Меҳр-3» операцияси доирасида Суриядан 98 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Улардан 25 нафари аёл ва 73 нафари болалар, деб ёзади Gazeta.uz нашри UzReport га таянган ҳолда.

Улар соғломлаштириш муассасаларига жойлаштирилиб, иссиқ овқат ва кийим кечак билан таъминланади. Мутахассислар томонидан тиббий ва психологик ёрдамлар кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилади.

Келгусида уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга тўлақонли ижтимоий мослашуви учун зарур шарт-шароитлар яратилади, дейилади хабарда

Аввалроқ биз Ўзбекистон ҳукумат делегацияси Суриянинг курдлар томонидан назорат қилинадиган қисмида “Ал-Хол” ва “Рож” лагерида бўлгани ва у ерда яшайдиган 100 дан ортиқ ўзбекистонлик билан учрашгани ҳақида ёзгандик. Ўшанда ҳукуматдаги манба бу одамларнинг аксариятини аёллар ва уч ёшгача бўлган болалар ташкил қилишини, улар “жуда ёмон шароитларда яшашини ва ичимлик суви, овқат ва тиббий хизмат борасида қийналаётгани”ни қайд этганди.
 
Бош саҳифадаги фотосурат: UzReport

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.