Таҳририятга мурожаат: Тошкентда реклама конструкциялари судсиз олиб ташланяпти
Тошкентда реклама конструкцияларининг соҳиблари бонг урмоқда. Улар кеча тунда эрталабки соат 4 гача “президент трассаси” бўйлаб уларга тегишли реклама конструкциялари олиб ташлангани ҳақида маълум қилади. Бугун Шота Руставели кўчасидаги, “Алгоритм” массивидаги ҳамда Le Grand Plaza меҳмонхонаси ёнидаги конструкциялар олиб ташланади.
Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2021 йил 27 мартдаги қарорига мувофиқ ташқи реклама объектлари (конструкциялар)нинг ягона электрон реестрини шакллантириш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан 2021 йил 31 декабргача ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш, ўрнатиш, модификациялаш ва беришга мораторий эълон қилинганди.
«Айтиш жоизки, мораторий ташқи реклама объектлари (конструкциялари)га жойлаштирилган рекламага тааллуқли эмас. Мораторий амал қиладиган даврда янгидан ўрнатилган ташқи реклама объектлари ноқонуний ҳисобланади, улар белгиланган тартибда демонтаж қилинади, уларни ўрнатган шахсларга нисбатан эса белгиланган тартибда чоралар кўрилади», – дейилади ҳокимлик хабарида.
Шундай объект соҳибларидан бирининг сўзларига кўра, кўрсатилган бузилган конструкциялар янгидан ўрнатилган бўлмаган.
Anhor.uz таҳририяти ушбу ҳолат бўйича Тошкент ҳокимлигидан батафсил изоҳ сўради ва ҳозир жавоб кутмоқда.
Шарҳлар