Талимаржон ИЭСидаги энергоблокнинг ўчиши қисқа туташув сабабли юз берди

Талимаржон ИЭСида содир бўлган электр узилишлари “Ўзбекнефтгаз”га қарашли йирик объектларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйди. Бундан ташқари, вилоятнинг бир нечта тумани электр энергиясиз ва сувсиз қолди. Бу ҳақда “Новости Кашкадарьи” нашри хабар беради.
 
4 июнь куни соат 22:18 да ИЭСда энергоблокнинг фавқулодда ўчиши содир бўлган. Бу Шўртан газ-кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида асосий ишлаб чиқариш қурилмаларининг фаолияти тўхташига олиб келган.
 
Шунингдек, Муборак, Шўртан, Газли нефт қазиб чиқариш конлари бошқармаларига қарашли газ қазиб чиқариш конларида ва “Зеварда”, “Жанубий Кемачи”, “Жанубий Ўртабулоқ”, “Денгизкўл”, “Сомонтепа”, “Алан”  конларида ҳам ишлар вақтинчалик тўхтаган.
 
Электр таъминотидаги узилишлар “Кўкдумалоқ”, “Шўртан КМПО”, “Бетман”, “Шимолий Нишон” компрессор станцияларининг фаолиятига ҳам таъсир кўрсатиб, “Ўзтрансгаз” АЖнинг магистрал газ қувурларига узатиладиган табиий газ истеъмолининг камайишига олиб келган.
 
Авария сабабли Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб, Ғузор, Дуҳқонобод, Қамаши туманларида ҳамда Қарши шаҳрида ичимлик суви узатилиши тўхтатилган. “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖнинг қайд этишича, вилоят марказида сув қарийб 9 соат бўлмаган.
 
Энергоблокнинг ўчиш сабаби
 
Талимаржон ИЭСи электроблокининг ўчиши электр узатиш симларига жуда чқин келган юк машинаси сабабли юз берган.
 
Соат 22:17 да (4 июнь) “Шўртан” кичик станциясидан келадиган 220 кВ электр узатиш симида қисқа туташув содир бўлган (у 4,7 сония давом этган), бу тармоқдаги 220 кВ кучланиш 35 кВ гача тушиб кетишига олиб келган.
 
«Қисқа туташувга ногабарит юк ортган автотехниканинг 220 кВ электр узатиш симига рухсат этилмаган масофага яқинлашиши сабабчи бўлган», дея хабар беради “иссиқлик электр станциялари” компанияси.

Фотосурат: Ҳудудий электр тармоқлари

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.