Tashkent Pharma Park қурилиши билан ким шуғулланмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 28 январь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 43,75 га майдонда Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил қилиш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Бу ерда Фармацевтика техника университети ва саноат зонаси жойлашиши керак. 17 апрель куни президент кластер қурилишига старт берди. Tashkent Pharma Park кластерини ривожлантириш бўйича дирекция Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан мувофиқлаштирилади. Қурилиш буюртмачиси ҳам Агентлик ҳисобланади.  


 
Давлат харидлари порталининг маълумотларига кўра, Whitecity Construction МЧЖ қурилишнинг бош пудратчиси ҳисобланади. 2020 йил 1 майдаги шартномага кўра ишларнинг тахминий қиймати 213 млрд сўмни ташкил қилади, бунда объектнинг умумий қиймати 500 млрд сўмга баҳоланмоқда. Объектни ишга тушириш муддати – 2022 йил декабрь.


 
Компанияни СТИР (давлат харидлари порталидаги шартномада кўрсатилган) бўйича юридик шахслар реестрида излаганда, Eco House-Group компаниясини топишга муваффақ бўлдик.


 
Бунда 2020 йил май ойида “Газета” нашри компания ҳақидаги ахборотни чоп этганди, у пайтда компания (худди шу СТИР билан) Whitecity Construction МЧЖ деб аталарди. Унинг муассислари орасида аввал Akfa Engineering and Management директори ва директор ўринбосари лавозимларида ишлаган Исмоил Иркинович Исраилов ҳам бор. Таъсисчиларнинг ҳозирги таркибида у ўйқ. Компания номи ва муассислари таркибидан ташқари унинг устав жамғармаси ҳам ўзгарган.


 
Ҳозирги таъсисчилар – Мирсаид Мирвохитов (17,6%), Нодиржон Асатов (82,4%). “Газета” нашрининг қайд этишича, Нодиржон Асатов бетон қоришмаларини ишлаб чиқариш бўйича Durable Beton компаниясининг таъсисчиларидан бири ҳисобланади. J-United Group эса Whitecity Construction товар белгисининг эгаси саналади, унинг ягона муассиси сифатида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Отирхўжаев кўрсатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.