Толимаржон ИЭС 2020 йил ўртасида хусусийлаштирилади
18 январь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Mubadala инвестицион компанияси (БАА) билан “Толимаржон ИЭС” базасидаги мавжуд энергоблокларни хусусийлаштириш ва янгиларини қуриш бўйича лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги келишув имзоланди. Акцияларни харид қилиш билан бирга кечадиган хусусийлаштириш жараёни амирлик томонидан 2020 йилнинг учинчи чорагига режалаштирилган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар беради.
Мазкур келишув Толимаржон энергетика мажмуини хусусийлаштириш, ривожлантириш, молиялаштириш ва ундан фойдаланиш механизмлари ва шартларини белгилайди.
Шунингдек тадбир давомида Masdar компанияси (Mubadala бўлинмаси) билан Навоий вилоятида қуввати 400 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш ҳақидаги келишув ҳам имзоланди. Ушбу келишувга кўра, компания шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва ундан фойдаланиш ишларини амалга оширади. Қурилишга сарфланадиган инвестициялар ҳажми 600 млн доллар миқдорида баҳоланмоқда; ишларни 2020 йилнинг учинчи чорагида бошлаш режалаштирилган, объектнинг ўзи эса 2022 йилда фойдаланишга топширилади.
Шарҳлар