«Томонларни тўқнашувларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз» – Ўзбекистон ТИВ Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги низо ҳақида
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон-Қирғизистон чегарасида содир ўлган низо бўйича баёнот берди. “Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасида вазиятнинг кескинлашиши ва бунинг икки томондан ҳам жабрланишларга сабаб бўлгани тўғрисидаги хабарлар Ўзбекистон Республикасида жиддий хавотир уйғотди”, дея қайд этади ТИВ.
«Томонларни тўқнашувларни зудлик билан тўхтатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича биргаликдаги чораларни кўриш ва кескинликнинг янада ортишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз».
Идоранинг қайд этишича, «бугунги кунда барча масалалар ва мавжуд муаммолар Марказий Осиёнинг биродар халқларига хос бўлган кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ҳамда шериклик муносабатлари руҳида музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниши зарур».
Ўзбекистон Республикаси юзага келган вазиятни имкон қадар тез муддатда ҳал қилиш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида содир бўлган низо давомида Қирғизистон томондан 8 киши жабрлангани маълум, Тожикистон ОАВ эса камида 9 нафар тожикистонлик фуқаро жабрлангани ҳақида хабар беради, деб ёзади Kloop нашри.
Мамлакатлар чегарасидаги ушбу низо 28 апрель куни бошланган. Икки мамлакатнинг 100-150 га яқин фуқароси бир-бирини тошбўрон қилган. 29 апрель куни низо кучайган – чегара ҳудудларида ҳамон отишмани эшитиш мумкин.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ТожикистонҚирғизистон чегарасидаги низо бўйича йиғилиш ўтказди. Вице-премьер Артём Новиковга вазиятни ўрганиш ва бартараф этиш топширилди.
Қирғизистон махсус хизматларининг версиясига кўра, Тожикистон томони “қасддан низони келтириб чиқарган”. “Тожикистон ДМХҚнинг чегара қўшинлари тинч аҳолини қонли ҳаракатлар юзага келишига сабабчи бўлмоқда”, – дейилади хабарда.
Тожикистон томоннинг версиясига кўра, Қирғизистон “бир томонлама тартибда “Головной” сув тақсимлаш пунктини эгаллаб олган ва фуқаролик кийимини кийиб олган махсус хизмат жангчиларидан тинч аҳолига қарши фойдаланмоқда”.
Ҳозир Боткен вилоятининг учта қишлоғида чегарадаги низо сабабли фавқулодда вазият жорий этилган; қишлоқ аҳолиси, асосан аёллар ва болалар эвакуация қилинмоқда.
Шунингдек Боткен вилояти ҳокимияти Ўш – Боткен – Исфана шаҳарларини боғловчи автотрассани ёпиб қўйган.
Фотосурат: АКИpress
Шарҳлар