«Тошкент денгизи»да дам олиш базаси барпо этилади
Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов Хитой Халқ Республикасининг «LINYI INVESTMENT GROUP» компанияси раҳбари Чен Мин Чи билан бўлиб ўтган учрашувида вилоятда амалга оширилиши кўзда тутилган учта лойиҳани муҳокама қилди, деб ёзади “Газета” нашри вилоят ҳокимлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
Даврон Ҳидоятов Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида жойлашган, халқ тилида «Ташморе», яъни «Тошкент денгизи» деб аталувчи Туябўғиз сувомборида ташкил этилиши кўзда тутилган дам олиш маскани лойиҳаси билан танишди. Лойиҳанинг биринчи босқичида 2,5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган бўлиб, 100 га яқин иш ўрни яратилади.
Скрин: Газета.uz
«Сув омборининг атрофи ёзнинг чилласида оилавий дам олиб, ҳордиқ чиқариш учун жуда қулай. Унда сайёҳлар учун экотурлар, сув спорти билан шуғулланиш учун шароит яратиш режалаштирган», – дея таъкидланди ҳокимият баёнотида.
Учрашув доирасида Қибрай туманидаги 36 гектар боғда экотуризм лойиҳасини ишга тушириш юзасидан таклифлар билдирилди. Қибрай туманининг Чинобод ҳудудида амалга ошириладиган ушбу лойиҳанинг қиймати 1 млн АҚШ доллари миқдорида бўлиб, 50 та иш ўрни яратилиши белгиланган.
Шу билан бирга, инвестор билан Юқори Чирчиқ туманида газобетон ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ҳам келишиб олинди. Хабарга кўра, хитойлик инвестор Чен Мин Чи ташаббуси билан «Guding INVEST» компанияси тузилган бўлиб, 2 гектар майдонда қурилиши кўзда тутилган лойиҳани ушбу компания амалга оширади.
Газобетон ишлаб чиқариш заводига 6 млн доллар миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган. Шуларнинг 4 млн банк кредити маблағига тўғри келади, дейилади хабарда.
Юридик шахслар реестрига мувофиқ Guding Invest компаниясининг устав жамғармаси 139 млн сўмни ташкил қилади. Асосий фаолият тури – ёғоч ва қурилиш материаллари билан улгуржи савдо қилиш бўйича агентлар фаолияти. Муассис – Каримов Қаҳрамон Равшанович (100%).
Шарҳлар