Тошкент металлургия заводи ишга туширилди

4 декабрь куни Ўзбекистонда Тошкент металлургия заводи ишга туширилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 326,7 млн еврони ташкил қилди, ундан 226 млн евро – хорижий инвестициялар, дея хабар беради корхона матбуот  хизмати.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни Тошкент металлургия заводининг очилишига бағишланган тантанали тадбирлар доирасида Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
 
Давлат раҳбари пойтахт ҳудудида амалга оширилган металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик ва замонавий корхонани ташкил этиш лойиҳаси Ўзбекистон ва Россия компания ва банклари ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг намунаси эканини катта мамнуният билан қайд этди.
 
Шунингдек президент Тошкент металлургия заводи ишга туширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда иштирок этди ва нутқ сўзлади.
 
Давлат раҳбари янги мажмуанинг иқтисодий самарадорлигига тўхталиб ўтди. Юртимизда қора металлургия ривожланмагани сабабли саноат корхоналари кўп муаммога учрар эди. Энди Тошкент металлургия заводида йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Бу қурилиш материаллари, маиший техника, электротехника ва озиқ-овқат саноатидаги юзлаб корхоналарнинг эҳтиёжини таъминлаш имконини беради. Илгари бундай маҳсулотлар асосан четдан олиб келинарди.

“Келажакда ушбу завод автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари эҳтиёжини ҳам қоплашга хизмат қилади. Мазкур мажмуада биринчи босқичда импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобидан 400 миллион долларга яқин маблағ тежалади. Маҳаллийлаштириш даражаси сезиларли ошади.

Мисол учун, сендвич панеллар ва том ёпиш тунукалари таннархида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг улуши 50 фоиздан 90 фоизгача етади. Шунингдек, бу кўрсаткич вентиляция ва ҳаво тозалаш тизимлари бўйича 30 фоиздан 50 фоизгача, маиший электротехника ишлаб чиқаришда 35 фоиздан 50 фоизгача ошади. Ўз-ўзидан аёнки, бунинг натижасида маҳсулотларнинг нархи арзонлашади. Шунингдек, завод томонидан йилига 90 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.

Мажмуада 700 га яқин киши ишлайди. Лекин, турдош тармоқлар билан бирга ҳисоблаганда, 5 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши мумкин”, дея қайд этилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.