Тошкент-Наманган рейсидан беш нафар йўловчи тушириб қолдирилди
Наманган ва Фарғона халқаро аэропортлари қуюқ туман туфайли ҳаво кемаларини қабул қилиш учун ёпиқ бўлгани боис “Uzbekistan Airways” компаниясининг HY-620 Москва – Наманган йўналиши бўйича 8 декабрда парвоз қилган Boeing 757 ҳаво кемаси командири “Тошкент” аэропортига қўнишга қарор қилган. Бу ҳақда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизмати хабар беради.
Бундан олдин тармоқда ушбу рейс йўловчиларини бортда бир неча соат давомида ушлаб туришгани, бортни тарк этаётган йўловчиларга эса чипта нархи компенсация қилинмаслигини маълум қилишгани ҳақидаги хабар тарқалганди.
Йўловчиларнинг бир қисми ер усти транспорти ёрдамида ўз манзилига жўнатилди. 37 та йўловчи эса Наманганга 9 декабрь куни соат 08.25 да учадиган HY-095 рейсига чиқишга рози бўлди, – дейилади авиакомпания хабарида.
«“Наманган” аэропортида узоқ вақт об-ҳаво ўзгармаганлиги сабабли мазкур қатнов вақти соат 10:00га, сўнгра 12:00 ва 14:00га кўчирилди. Учишни кутиш вақтида йўловчилар “Тошкент” аэропорти халқаро йўналишлар терминалининг кутиш залига жойлаштирилди. Уларга икки марта иссиқ овқат ва эрталабки нонушта тақдим этилди. 9 декабрь куни соат 07:00да йўловчилар Наманганга учиш учун ерусти транспорти билан маҳаллий авиайўналишлар аэровокзалига етказилди», – дейилади хабарда.
Матбуот хизматининг қайд этишича, “Наманган” аэропортида об-ҳаво яна ёмонлашгани йўловчиларнинг самолётда узоқ вақт кутишига сабаб бўлган. Баъзи агрессив кайфиятдаги йўловчилар об-ҳавога қарамасдан, тезроқ учишни талаб қилган.
“Наманган” аэропорти очилиши тўғрисида маълумот олиниши билан, ҳаво кемаси командири учишга қарор қилди ва йўловчилар самолётга таклиф қилинди. Агрессив кайфиятдаги йўловчилардан бири самолёт саҳнига чиққач, ўз эътирозлари билан катта борт кузатувчига ташланди. 5 нафар йўловчи, шу жумладан катта борт кузатувчига тан жароҳати етказган йўловчи аёл аэропорт милиция линявий бўлими томонидан қатновдан четлаштирилди. Бу ҳолатда экипаж аъзосини ҳам алмаштиришга тўғри келди – дея қайд этилади хабарда.
Шарҳлар