«Тошкент Реклама Сервис» ДУКнинг собиқ директорига ҳукм ўқилди
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида бир вақтнинг ўзида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг реклама-ахборот фаолияти бўйича комиссия масъул котиби бўлиб ишлаган «Тошкент Реклама Сервис» ДУК собиқ директори А.И.нинг иши кўриб чиқилди.
Судланувчи юридик ва жисмоний шахслар учун 700 та ташқи реклама конструкциясининг ўз вақтида ўрнатилиши бўйича мониторингни таъминламаган. Натижада, юридик ва жисмоний шахслардан ундирилиши керак бўлган 327 млн 675 минг 639 сўм тариф бўйича ҳисоблаб ёзилмаган ва ушбу маблағларни ундириш бўйича чоралар кўрилмаган.
Шунингдек А.И. «Тошкент Реклама Сервис» ДУКнинг Тошкентда ташқи рекламани жойлаштириш ва ундан фойдаланиш бўйича ўнлаб ташкилотлар билан тузилган шартномалари бўйича умумий қиймати 91 773 800 сўмлик жарималарни ундириш чораларини кўрмаган, бунинг натижасида корхона манфаатларига жиддий зарар етказилган.
«Тошкент Реклама Сервис» ДУКнинг собиқ директори 51 млн 209 минг 867 сўмлик муддати ўтган дебиторлик қарздорлигига йўл қўйган, улардан 42 млн 766 минг 548 сўм маблағни ундириш бўйича чораларни кўрмаган, бу билан давлат ва жамият манфаатларига жиддий зарар етказган.
У йўл қўйган жиноятлар орасида корхона ҳисобидан фоизсиз молиявий ёрдам бериш йўли билан қонунни бузиш ҳам бор. Шунингдек, судланувчи бош бухгалтер билан тил бириктириб, ортиқча штат лавозимини тасдиқлаган ва 36 млн 86 минг сўм миқдоридаги иш ҳақини ўзлаштирган.
Суд бош вазирнинг трасса бўйлаб реклама конструкцияларини демонтаж қилиш ҳақидаги кўрсатмасига қарамасдан, А.И. онгли равишда 18 та янги реклама конструкцияси ўрнатилишига йўл қўйганлигини хизмат вазифасини қўпол равишда суиистеъмол қилиш сифатида қайд этди.
Бундан ташқари, судланувчи ғаразли мақсадларда 90 та хўжалик юритувчи субъектга тақдим этиш учун 684 та реклама ўрни паспортларидаги маълумотларни қалбакилаштирган. Натижада, 34 та хўжалик юритувчи субъектдан 29,8 млн сўм «Тошкент Реклама Сервис» ДУК фойдасига ундирилмаган.
Реклама жойларига берилган 10 та ариза бўйича жисмоний ва юридик шахслардан аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқишни ноқонуний рад этиш мақсадида судланувчи улардан бўш ўринлар мавжудлигини яширган ва уларга ёлғон маълумотларни тақдим этган.
А.И. ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган ҳолда 2006 йилдан 2018 йил июль ойигача турли усуллар билан мулкни талон-тарож қилган.
А.И. га ҳукм чиқаришда суд судланувчи томонидан ўз айбини қисман тан олганини, самимий пушаймон бўлаётганини инобатга олди, шунингдек у оилада ягона боқувчи эканини ва олдин судланмаганини ҳам ҳисобга олди. Бундан ташқари, судланувчи суд томонидан тан олинган моддий зарарни қоплаган.
А.И. икки йилга корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда лавозим эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди, унга 151 БРМ миқдорида жарима тайинланди ҳамда уч йил муддатга иш ҳақининг 20% ни давлат бюджети фойдасига олиб қолиш билан ахлоқ-тузатиш ишларига ҳукм қилинди.
Бош саҳифадаги фотосурат: Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Шарҳлар