Тошкент шаҳар ҳокимлиги нега “Шаҳидлар хотираси” мажмуи тўсиб қўйилганига изоҳ берди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Шаҳидлар хотираси” мажмуи девор билан тўсилгани ҳақидаги хабарга изоҳ берди.

«Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган», – дея қайд этади ҳокимиятдагилар.

Бунда ҳокимлик қайси қарорга таянаётгани ноаниқ бўлиб қолмоқда. 2020 йил 8 октябрда президент “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаганди. Мазкур ҳужжатга кўра, Вазирлар Маҳкамасига Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” мемориал мажмуида қатағон қурбонларининг исмлари ёзилган рамзий китоб яратиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш топширилган.
 

Фотосурат: “Живой Ташкент”/Telegram

Ҳокимиятнинг қайд этишича, «Реконструкция жараёнида ҳудуддаги дарахтларга зарар етказмаган ҳолда қатағон қурбонларининг номлари акс этган рамзий китоб барпо этилади, рамзий ротонда реконструкция қилинади, музей ходимлари учун алоҳида маъмурий бино қурилади, аҳоли учун маиший хизмат бинолари, миллий ҳунармандчилик ва савдо дўконлари, очиқ амфитеатр ва “Wi-Fi” худудлари барпо этиш режалаштирилган».

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.