Тошкент вилоят касалхонасининг бош шифокори ҳибсга олинди

Тошкент вилоят касалхонасининг бош шифокори ҳибсга олинди

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни ҳибсга олинди.

10 август куни фуқаро Ш.Минбаев Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган. Аризада у COVID-19 келтириб чиқарган икки томонлама пневмониядан даволанган қариндоши Ф.Рустамов Чирчиқ юқумли касалликлар шифохонасида оғир аҳволда бўлганини кўрсатади. Кейинчалик, ҳеч қандай сабабсиз, бемор вилоят психиатрия диспансерига ўтказилган ва у ерда соғлиғи кескин ёмонлашгани учун вафот этган. Марҳумнинг қариндоши коронавирусга чалинган беморни даволашда совуққонликка йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан чора кўришни сўраган. Бу ҳақда UzNews нашри Бош прокуратурага таянган ҳолда хабар беради.

Прокуратура ходимлари томонидан ўтказилган тергов жараёнида бемор оғир ҳолатда психдиспансерга Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошеванинг кўрсатмасига кўра жўнатилгани аниқланди. Шу билан бирга, Ф.Рустамовнинг Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги касаллик тарихи бемор COVID-19 дан тўлиқ тузалди деган ёлғон маълумотлар билан тўлдирилгани ҳам маълум бўлди.
 
Бундан ташқари, Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш доирасида 250,8 млн сўм маблағ талон-тарож қилингани ҳам аниқланган.
 
Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори бир неча бор ушбу ҳолат бўйича сўроққа чақирилганига қарамасдан, Гулжаҳон Йўлдошева, узрли сабабсиз, бирор марта ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига келмаган. Шу муносабат билан 8 сентябрь куни у мажбурий тартибда Жиноий кодекснинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 207-моддаси 3-қисми “а” банди (Ўз вазифасига совуққонлик билан қараш) бўйича айбланувчи сифатида жалб этилди, дейилади хабарда.
 
Бош прокуратуранинг қайд этишича, бош шифокор томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар тоифасига киради. Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан суд муҳокамасигача бўлган босқичда қўлланган ҳибсга олиш кўринишидаги эҳтиёт чораси танланди. Ҳозир тергов олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.