Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи икки фуқаро 2 гектар ерни 1 млн доллардан ортиқ пулга сотмоқчи бўлди
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида истиқомат қилувчи икки фуқаро ушбу туманнинг Салар қўрғони ҳудудида 2 гектар ерни 1 млн 10 минг АҚШ долларига сотаётганида қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА ресурси ДХХ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
Маълумотларга кўра, 2018 йилда Қибрай туман ҳокимининг қарорига мувофиқ ушбу ер майдони Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 1963 йилда туғилган фуқарога қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича цехни ташкил қилиш учун ажратилган. Бироқ шу кунга қадар ушбу ҳудудда бирор-бир амалий ишлар ўтказилмаган. Айни пайтда мазкур ер эгасини тергов ҳаракатларига жалб этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Яккасарой туманида истиқомат қилувчи шахс 148 минг АҚШ доллари эвазига мансабдор танишлари орқали Янгиҳаёт тумани ҳудудидан 14 сотих ер майдонининг тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб, олиб беришни ваъда қилган. ДХХ ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у 20 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ушланган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у мазкур пул маблағини Янгиҳаёт тумани ҳокимлигининг масъул ходимига бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахс ҳам 20 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Скрин: ЎзА видеоси
Шарҳлар