Тошкентда 17 ёшли йигитни пичоқлаш ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди

Тошкентда 17 ёшли йигитни пичоқлаш ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди

Тошкентда 17 ёшли йигитни дўппослаб, пичоқлаб кетишди. Ҳозир Сардор Комилов касалхонада: шифокорлар унинг ҳаёти учун курашмоқда. Сардорнинг ота-онаси бу ишни содир этган кимсалар жазодан қочиб қутилиши мумкинлигидан хавотир олмоқда. Йигитнинг онаси ижтимоий тармоқларда ҳукумат ва жамоатчиликка очиқ хат ёзди. Бу ҳақда журналист Евгения Грандэ ёзади.

Жабрланувчининг онаси Феруза Турдиеванинг сўзларига кўра, воқеа 11 август куни содир бўлган. Сардор эрталаб севган қизи билан истироҳат боғига югуришга чиқиб кетган, бу ерда Ж. исмли кима унинг қизини ҳақорат қилган. Йигитлар кечқурун учрашишга келишиб олишган, иккала томон ҳам унга дўстлари билан келган (жами 10 киши). Онанинг сўзларига кўра тўда Сардорни ўраб олган, унга бир нечта зарба беришган, кейин эса пичоқ уришган.

Сардорнинг дўстлари тез ёрдам келавермагач, уни таксида касалхонага олиб борган. Шу тарзда 11 август куни соат 21:00 да Сардор Комилов оғир жароҳат билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган. “Жарроҳлар боламни 4 соат операция қилишди”, – дейди Сардорнинг онаси. Шифокорларнинг сўзларига кўра, операциядан кейин беморнинг аҳволи оғир, у 2 литр қон йўқотган, буйраги жароҳатланган.

Милиция гумондорни аниқлаган: бу 17 ёшли А. бўлиб, у жиноят жойидан қочиб кетган. Ҳозир ушбу ҳодиса бўйича 104-модданинг 1-қисми бўйича (Қасддан оғир тан жароҳатларини етказиш) жиноий иш қўзғатилган, унга кўра айбдорни 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси кутади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.