Тошкентда 3, 7 ва 15 кунлик электрон чипталар жорий этиш режалаштирилмоқда
«Тошшаҳартрансхизмат» тўлов жараёнини автоматлаштириш мақсадида 3, 7 ва 15 кунлик электрон йўл чипталари жорий этилиши тўғрисидаги ҳукумат қарорининг лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар беради.
“Йил сайин йўлларда транспорт воситалари ҳамда йўловчи оқимининг ортиши, йўл инфратузилмаси ва ундаги транспорт воситалари ҳаракатини мувофиқлаштириб боришни тақозо этмоқда. Мазкур жараёнда асосий эътибор йўналишларни метро бекатларига боғлаш, магистраль йўналишлар ва уларга йўловчиларни олиб чиқувчи ёрдамчи йўналишлар тармоғини яратишга қаратилган.
Ушбу ўзгартиришлардан мақсад магистраль йўналишлар ўтадиган кўчалардаги бошқа йўналишлар сонини имкон даражасида камайтиришдир. Бу биринчи навбатда йўналишларнинг бир бирини такрорламаслигига, қатнов мунтазамлигини таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, бўшаган автобуслар ҳисобидан транспорт воситалари етишмаётган йўналишларни тўлдириш имконини беради. Бу эса қатнов интервалини кескин қисқартириб, йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишларининг олдини олади”, – дейилади компания хабарида.
Мувофиқлаштириш жараёнида магистраль ва шаҳар марказида қатновчи йўналишларга катта сиғимли, ёрдамчи ва шаҳар четидаги йўналишларга эса йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда ўрта ва кичик сиғимли автобусларни бириктириш режалаштирилган.
Бош саҳифадаги фотосурат «Ко дну» телеграм-каналидан олинган.
Шарҳлар