Тошкентда биринчи хусусий тадбиркорлик олий ўқув юрти очилмоқда

Тошкентда биринчи хусусий тадбиркорлик олий ўқув юрти очилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18 апрелдаги 241-сонли қарорига кўра TEAM University – янги хусусий олий ўқув юрти ташкил қилинди.
Университетнинг мақсади илғор жаҳон таълим стандартларига мувофиқ олий маълумотли юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил қилиш, ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ундан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатнинг олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини янада кенгайтиришдан иборат.

Университетдаги таълим фаолияти инглиз, ўзбек ва бошқа тилларда 2020/2021 ўқув йилида бошланади.
 
Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади.

Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, юридик шахслар – потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек ёшларни ўқитиш учун ажратиладиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
 
Университет жамоаси
 
Тадбиркорлар, компания етакчилари университет таъсисчилари ҳисобланади:
 
Зафар Хашимов – korzinka.uz асосчиси.
Хикмат Абдурахмонов –HM Partners компаниялар гуруҳининг ҳамасосчиси.
Музаффар Қосимов – HM Partners компаниялар гуруҳининг ҳамасосчиси.
Тимур Абдуқаюмов – Batiskaf Consulting ҳаммуассиси.
Прокофьева Валентина – Batiskaf Consulting ҳаммуассиси.
 
TEAM University академик жамоасининг бошқаруви қуйидагилар томонидан таъминланади:

Алан Франс –TEAM University Васийлик кенгашининг раиси. Олий таълим соҳасининг эксперти, OBE – Британия Империяси орденининг соҳиби, яқин ўтмишда – Westminster International University in Tashkent биринчи проректори.
Алишер Хасанов – TEAM University ректори. Олий таълим соҳасининг эксперти, бундан олдин KPMG халқаро консалтинг компаниясида ишлаган, ундан ҳам олдинроқ – Westminster International University in Tashkent проректори лавозимини эгаллаган.
Алексей Семёнов –талабалар билан ишлаш бўйича проректор, WIUT да registrar хизматига раҳбарлик қилган, Кембриж университетининг магистри даражасига эга.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.