Тошкентда Халқаро БМТ моделининг икки кунлик конференцияси ўтказилди

21–22 май кунлари Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ)да БМТнинг Наркотик ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида Марказий Осиёдаги энг глобал ёшлар лойиҳаларидан бири бўлган Тошкент Халқаро БМТ Модели (TIMUN) бўлиб ўтди. Конференция 200 дан зиёд иқтидорли ҳамда ўзбекистонлик талабаларнинг глобал муаммолари ечимига қизиққан инсонларни ўзига жалб қилди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига ваколатхона матбуот хизмат маълум қилди.
 
Ушбу конференция ТХВУ қошидаги Халқаро БМТ модели ҳамжамияти ва 2020-2021 ўқув йили Талабалар иттифоқи фаол ёшлари ташаббуси билан ташкиллаштирилди. Конференция давомида БМТнинг етти асосий ташкилотлари, жумладан, Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий адолат бўйича комиссияси, Бош Aссамблея, ЮНЕСКО, Хавфсизлик Кенгаши, Ижтимоий, гуманитар ва маданий масалалар бўйича (Учинчи қўмита) қўмитаси, Инқироз қўмитаси ҳамда Фан ва технологияларни ривожлантириш комиссияси моделлаштирилди.
 

Фотосурат: БМТ НЖБ

«Ушбу конференция ёшларнинг халқаро дипломатия, ҳуқуқ, глобал сиёсат, жамоат нутқлари, етакчилик ва самарали музокаралар олиб боориш кўникмаларини шакллантиришда ноёб платформа ҳисобланади. ТIMUN конференцияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва талабалар ўртасидаги ёшларнинг бир қатор мураккаб масалалар бўйича очиқ мулоқот ўтказиш ва глобал муаммоларга ўз ечимини таклиф этишга имкон берадиган кўприк вазифасини ўтайди. Бу йил TIMUN 2021 конференцияси Доҳа Декларациясини ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2021 йил Киото шаҳрида бўлиб ўтган Жиноятнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов йиғилишини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилмоқда», – дейилади хабарда.

Конференция давомида талабалар “COVID-19 пандемияси вақтида очлик, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги танқислиги билан боғлиқ замонавий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган иқтисодий тикланиш», «COVID-19 нинг қочқинлар ҳаётига таъсири», «Можароли ҳудудларда болаларнинг мактаб таълими», «Ривожланаётган мамлакатларда барқарор энергия манбаларини кенгайтириш», «17 барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда жиноятнинг олдини олиш, жиноятда одил судлов ва қонун устуворлиги», «COVID-19 нинг дунё тинчлиги ва хавфсизлигига таъсири», «COVID-19 ва вакциналар тарқалиши» каби мавзуларни муҳокама қилдилар. 
 
Тошкент Халқаро БМТ Модели очилиш маросими БМТ НЖҚКБ минтақавий вакили Aшита Миттал, БМТ НЖҚКБ халқаро координатори Кун Маркверинг, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Aлишер Саъдуллаев, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлот ҳамда ТХВУ ректори Бахром Мирқосимов қатнашди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.