Тошкентда тўлғоғи тутган аёлни “пропискаси” йўқлиги учун туғруқхона қабул қилмади
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар 1-сон туғруқ комплексига ҳомиладор аёлини олиб келган турмуш ўртоғи томонидан суратга олинган видеоматериал тарқалди. Унда айтилишича, ҳомиласи етилиб, туғруқ оғриқлари бошланган бўлса-да, биринчи фарзандига ҳомиладор бўлган аёлни ушбу тиббиёт муассасасига қабул қилишмаган ҳамда унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмаган. Бу ҳақда UzNews нашри хабар беради.
Мазкур масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, вазир Абдуҳаким Хаджибаев туғруққа ихтисослашган шаҳар ва республика тиббиёт муассасалари бош врачлари иштирокида тезкор йиғилиш ўтказган.
Вазият Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан ўрганилиб, ўрганиш ишлари натижасида ҳомиладор аёл О.С. 2000 йилда туғилган бўлиб, Самарқанд вилояти, Иштихон туманида доимий рўйхатда туриб, ҳозирда Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилиши аниқланган.
Дастлабки маълумотларга қараганда, ушбу воқеа тарқалган хабарларда айтилганидек, 5 май куни эмас, шу йилнинг 29 апрель куни содир бўлган. Шу куни соат 04:25 да аёлни турмуш ўртоғи Х.М. туғруқ оғриқларидан шикоят қилгани учун Тошкент шаҳар 1-сон туғруқ комплексига олиб келган. Навбатчи шифокор аёлни кўрикдан ўтказиб, “Ҳомиладорлик 1, 41-хафта. Туғруқнинг 1-даври латент фазаси” ташхисини қўйган.
Аммо аёлнинг алмашув варақасида Янгийўл тумани 69-сон қишлоқ шифокорлик пунктида рўйхатда турганини инобатга олиб, дислокация бўйича Янгийўл тумани туғруқ комплексига ёки Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникасидаги туғруқ бўлимига бориш тавсия қилинган.
Шу куни соат 5:40 лар атрофида ҳомиладор аёл турмуш ўртоғи томонидан чақирилган тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникаси туғруқ бўлимига олиб борилган ва у ерда “Ҳомиладорлик 1, 41 хафта. Туғруқнинг 1-даври” ташхиси билан қабул қилинган.
2021 йил 29 апрель куни соат 7:40 да оғирлиги 3700 гр бўлган қиз дунёга келган. Туғруқдан кейинги давр асоратсиз ўтган. Шу йилнинг 3 май куни аёл фарзанди билан аҳволи қониқарли ҳолатда уйига жавоб берилган.
ССВ хабарига кўра, ушбу вазият юзасидан ўзи масъул бўлган йўналишда шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўрмагани учун Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда репродуктив саломатлик бўйича ўринбосари Р.Ҳаитбаева билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шунингдек, тиббиёт муассасасида ушбу қўпол ҳолатга йўл қўйилгани учун ушбу туғруқ комплекси бош шифокори Р. Алимжанова ҳам эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Бундан ташқари, ўз ишига совуққонлик билан қарагани ва ҳомиладор аёлга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатмагани учун қатор тиббиёт ходимларига ҳам тегишли чоралар кўрилди, дейилади хабарда.
Шарҳлар