Тошкентда яширин диний ячейка фаолиятига чек қўйилди
Тошкентда ҳужра ташкил қилиб, болаларни калтаклаб келган шахслар қўлга олинди. Ҳужраларда жами 32 нафар бола диний сабоқ олаётгани аниқланган. Бу ҳақда UzNews нашри Yoshlar телеканалига таянган ҳолда хабар беради.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирида 3 нафар маҳаллий фуқаро ўз хонадонларида ҳужралар ташкил этиб, ёш болаларга диний сабоқ бераётганлиги аниқланди.
Ҳужралар ташкил этилган хонадонлар кўздан кечирилганида, ёғоч калтак, пичоқ, пневмотик қурол топилди. Шунингдек, ҳужралар эгаларининг қўл телефонларида диний экстремистик оқимлар ва террорчи ташкилотларнинг ғоявий раҳбарларининг жиҳодга чорловчи аудио, видеоматериаллари борлиги аниқланди.
Ҳужраларнинг бирида 17 нафар, иккинчисида 11 нафар, учинчисида эса 4 нафар вояга етмаган бола диний сабоқ олаётгани маълум бўлди.
Ноқонуний ўқитиш вақтида болалар калтакланиб, мунтазам равишда оч қолдириш орқали жазоланган.
Ҳозирда мазкур ҳужраларни ташкил қилганларга нисбатан қонуний чора кўриш масаласи кўрилмоқда.
Шарҳлар