Тошкентда жиноий гуруҳ корхонадан 2 млрд сўм ўғирлади
2020 йилинг 15 август куни соат 21:30 дан 16 август куни соат 17:30 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар Яшнабод туманида жойлашган корхонадан тахминан 2 миллиард сўмдан кўпроқ нақд пулларни ўғирлаган. Бу ҳақда UzNews нашри ИИВ Тергов департаментига таянган ҳолда хабар беради.
Маълум бўлишича, улар МЧЖ биносининг ташқи деразаси, шунингдек моддий бойликлар сақланадиган омбор эшиги ва темир панжараларини бузган ҳолда ғайриқонуний равишда кириб, темир сейфнинг қулфини темир кесиш ускунаси ёрдамида кесиб, сейфнинг ичида ҳамда ҳисобчилар хонасида бир неча сумкаларга солинган пулларни ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни оқ рангли давлат рақамлари ечиб олинган Lacetti русумли автомашинада келган 6 нафар фуқаролар содир этганликлари маълум бўлган.
Қайд этилишича, тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятга алоқадор яна 2 нафар фуқаролар аниқланиб, улар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб содир этганликлари аниқланган, уларнинг барчасини шахсига оид маълумотларига аниқлик киритилган.
Ҳозирда жиноятчилар ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Ўғриланган пуллар тергов жараёнида ашёвий далиллар тариқасида расмийлаштириб олинган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Шарҳлар