Тошкентдаги Инха университети таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг аттестациясидан ўтди
Тошкентдаги Инха университети аттестациядан ўтди ва аккредитация олди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги давлат таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг сертификати Тошкентдаги Инха университетининг таълими Ўзбекистондаги олий таълим стандартларига мувофиқ эканини тасдиқлайди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига университет матбуот хизмати маълум қилади.
«Таълим дастурларининг эксперт аккредитацияси университетга талабалар ва ўқитувчиларнинг академик мобиллиги соҳасида фаолроқ ишлаш, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда янги дастурларни яратиш ва, умуман, университетнинг Ўзбекистондаги нуфузини ошириш имконини беради», – дейилади хабарда.
Бундан ташқари, аккредитациядан ўтган йўналишлар бўйича таълимни якунлаган битирувчиларнинг касб малакаси тан олиниши ва улар йирик ва аҳамиятга эга халқаро IT-лойиҳаларда қатнашиши мумкин.
«Биз учун бу Тошкентдаги Инха университетининг глобал академик рақобатбардошлилигини ошириш томонга ташланган яна бир қадамдир», – дейди ушбу таълим муассасаси ректори в.б. Музаффар Жалолов. «Юқори аккредитацион натижаларга энг яхши таълим дастурларини жорий этиш, ўқитувчиларимизнинг юқори даражадаги малакаси ва университетнинг ривожланган инфратузилмаси туфайли эришилди. Олий ўқув юртининг ўқув-лаборатория ва ёрдамчи базаси халқаро стандартларга мувофиқ келади».
Шарҳлар