Тошкентликлар шаҳарда автотураргоҳлар билан боғлиқ муаммодан шикоят қилмоқда
Тошкент шаҳар маъмурияти марказдаги бир нечта автотураргоҳни қурилишга бериши натижасида пойтахтда транспорт коллапси юзага келди. Тармоқда журналист ва блогер Евгения Грандэ томонидан тасвирга олинган видео муҳокама қилинмоқда. Роликда Матбуотчилар кўчасидаги автотураргоҳнинг ёпилиши нималарга олиб келганини кўриш мумкин. Ҳозир бу ерда Чехиянинг IMP NEW PAY компанияси бизнес-марказ қурмоқда.
Видео муаллифи ва “Водители Ташкента” ва “Потребитель.уз” каби оммабоп Facebook-ҳамжамиятларининг фойдаланувчилари қайд этишича, яна бир бизнес-марказ (тасдиқланмаган маълумотларга кўра, 0,23 га майдонда бундай марказдан иккитасини қуриш режалаштирилган) бу майдон юкламасини ҳаддан ташқари ошириб юборади. Чунки ушбу ҳудудда бешта йирик банк, иккита савдо маркази, иккита театр, дўконлар, қаҳвахоналар ва ресторанлар жойлашган.
Бу шаҳардаги ягона ҳолат эмас. Охирги йил ичида шаҳар маъмурияти қурилиш учун яна иккита катта автотураргоҳни бериб юборган. Улардан бири Содиқ Азимов кўчасида, иккинчиси эса Ucell офисининг қаршисида жойлашган эди.
Айтиш жоизки, шаҳар кундан-кунга кенгаймоқда, аҳоли сони ҳам ортиб боряпти, шунга мос равишда машиналар сони ҳам ошмоқда. Тошкент шаҳар транспорт бошқармасининг маълумотига кўра, бугунги кунда пойтахтда 500 мингдан ортиқ шахсий автомобиль рўйхатга олинган. Бироқ шаҳарнинг у ёки бу нуқтасидаги транспорт юкламасини, автомобиллар туриши учун зарур жойларни ким ҳисоблаши ва буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор-йўқлиги – номаълум. Шу ва бошқа саволларни таҳририят пойтахт ҳокимлигига сўров тарзида юборди.
Шарҳлар