Тожикистон фуқаролари Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги нейтрал зонада қолиб кетишди
Тожикистон фуқаролари Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги нейтрал зонада қолиб кетишди, уларни Ўзбекистонга ҳам, ортга Қозоғистонга ҳам ўтказишмаяпти. Уларнинг орасида аёллар ва болалар бор. Тожикистон ТИВ ва бошқа масъул тузилмалар юзага келган вазият устида ишламоқда, дея хабар беради «Азия-Плюс».
Россиядан ватани Тожикистонга, шу жумладан автомобилларда қайтаётган юзлаб Тожикистон фуқаролари кечадан буён Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги чегарада қолиб кетишган.
Тожикистон ахборот ва матбуот департаменти берган хабарга кўра, улар юз берган воқеадан хабардор бўлиб, айни пайтда юзага келган вазият ечими устида ишламоқда. Аммо у ерда қолиб кетган фуқароларнинг аниқ сони ҳақида ҳозирча билмайди.
«Коронавирус тарқалиши муносабати билан Қозоғистон ва Ўзбекистонда ушбу мамлакатларга киришга чекловлар жорий этилди. Шу боис Россиядан қайтаётган айрим фуқароларимизда муаммолар пайдо бўлиб, улар Ўзбекистон ва Қозоғистон орасидаги нейтрал зонада қолиб кетган. Айни пайтда Тожикистон ТИВ ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бошқа масъул тузилмалари ушбу муаммонинг ечими устида ишламоқда», – дейилади ТР ТИВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон коронавирус тарқалиши муносабати билан ўз чегараларини ёпди. Шунингдек 27 мартга қадар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида авиапарвозлар тўхтатилди.
Шарҳлар