Тожикистон ва Ўзбекистон бош вазирларининг май ойига режалаштирилган учрашуви кузга қолдирилди

Тожикистон ва Ўзбекистон бош вазирларининг май ойига режалаштирилган учрашуви кузга қолдирилди

Коронавирус пандемияси сабабли Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши кейинга қолдирилди. Ушбу йиғилишни май ойи бошида Сўғд вилоятида ўтказиш режалаштирилганди, дея хабар беради “Азия-Плюс” нашри.

Йиғилиш иккала томон келишувига кўра шу йилнинг куз ойларига кўчирилди. Унда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий, гуманитар, маданий, илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилганди.

Шунингдек,  Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергиясини ва Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ етказиб бериш ҳажмлари ва уларнинг жорий йил учун нархлари масалалари келишиб олиниши керак эди.

Қайд этиб ўтамиз, ўтган йили Тожикистондан Ўзбекистонга 1 млрд 425,1 млн кВт/соат электр энергияси бир киловатт учун 2 цент (АҚШ)  нархида етказиб берилган. Ўзбекистонга қилинган электр энергияси экспортининг умумий суммаси 25,5 млн долларни ташкил қилган.

Тожикистон эса 2019 йилда Ўзбекистондан 17,7 млн долларлик 140 млн кубометр табиий газ харид қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.