Тожикистон ва Ўзбекистон ҳамкорлик тўғрисида 35 та ҳужжатни имзолади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи давомида мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисида 35 та ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри ёзади.
Тожикистон президентининг матбуот хизмати ҳозирча улардан 9 тасини келтирган:
– Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида саноат ва янги технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув;
– Тожикистон Индустрия ва янги технологиялар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Complex Mining Solution компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
– Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида “Тожикистон-Ўзбекистон инвестицион компанияси”ни ташкил қилиш тўғрисида келишув;
– 2018 йил 17 августдаги Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасида ва Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасида дипломатик ваколатхоналарини қуришга ер участкаларини ажратиш тўғрисидаги Келишувга ўзгаришлар киритиш ҳақида протокол;
– 2018 йил 9 мартдаги Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги Келишувга ўзгаришлар киритиш ҳақида протокол;
– 2021-2022 йилларда Тожикистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастури;
– Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида акциядорлик жамиятини ташкил қилиш, Зарафшон дарёси бассейнида иккита гидроэлектр станциясини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича техник-иқтисодий асосни тайёрлаш тўғрисида келишув;
– Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон ҳудуди орқали товарлар транзити тўғрисида келишув;
– 2021-2022 йилларда Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси.
Ҳамкорлик тўғрисидаги янги ҳужжатларни имзолаш маросимидан кейин давлатлар раҳбарлари журналистларнинг кенг доираси учун матбуот анжумани беришди.
Фотосурат: Тожикистон президентининг матбуот хизмати
Шарҳлар