Тожикистон ва Ўзбекистон мамлакатлар ўртасида автобус қатновини тиклашга тайёр
5 июнm куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигиги таянган ҳолда хабар беради.
Учрашувда 2020 йил март ойида Тошкент, Самарқанд, Термиз, Душанбе, Хўжанд, Панжикент ва Тожикистон ва Ўзбекистоннинг бошқа йирик шаҳарлари ўртасида пандемия туфайли тўхтаб қолган автобус қатновини тиклаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ипак йўли сайёҳлик брендини оммалаштириш ва зиёрат сайёҳлигини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги ишлар тўғрисида келишувга эришилди.
Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10-11 июн кунлари Тожикистонга бўлиб ўтадиган ташрифига тайёргарлик жараёни кўриб чиқилди, ташриф жараёнида мамлакат президенти нафақат Душанбе, балки Хўжанд шаҳрига ҳам ташриф буюриши кутилмоқда.
Яқинда бўладиган олий даражадаги ташриф давомида имзоланиши режалаштирилган икки томонлама ҳужжатлар ва ҳукуматлараро келишувларни ишлаб чиқишнинг бориши муҳокама қилинди.
"Томонлар мавжуд муаммоларни мувофиқлаштиришни тезлаштириш ва тадбир кун тартибидаги барча масалалар бўйича келишувларга эришиш учун барча ресурсларни сафарбар этишга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар", дейилади хабарда.
Учрашув давомида маданий-гуманитар соҳада фаол ҳамкорликни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди. Хусусан, маданият, санъат, фан ходимларининг, шунингдек, икки мамлакат ёшлари вакилларининг Ўзбекистон ва Тожикистон минтақаларига ўзаро сафарларини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
Фотосурат: centralasia.media
Шарҳлар