Транспорт вазирлиги авиачипталар нархларининг сунъий равишда оширилгани ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атади
9 апрель куни блогер Troll.uz қуйидагиларни билдирди: «ОAВ да Россияга авиачипталар олдиндан 6 ойга сотилганлигини ёзилмоқда. Аслида улар сотилмаган деган шубҳалар мавжуд. Бу ЎҲЙ (Ҳаво Йўллари) сотув агентларининг иши. Яъни барча чипталар олдиндан харид қилини анча қимматроқ қилиб сотилади».
“1 апрел куни менга 4-11-18-25 апрел кунлари чипталар сотилиб кетганлиги тўғрисида хабар келди. Гарчи бу парвозлар расман ҳали эълон қилинмаган бўлса ҳам”, – деб ёзади у.
«Бу оддий йўловчиларни йиллар давомида қийноққа соладиган ва нархларни сунъий равишда оширадиган жуда ифлос тизим».
Блогер Масъул идоралардан, айниқса прокуратура ва Монополияга қарши қўмитадан ушбу масалани ўрганишни илтимос қилган.
«Авиачипта нархларини сунъий равишда ошириб сотиш мақсадида Uzbekistan airways компанияси агентлари томонидан чипталарни олдиндан сотиб олинганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган даъволар эса мутлақо асоссиздир», – дейилади Транспорт вазирлигининг хабарида.
«Айнан Россия Федерациясига мамлакатимиздан борувчи йўловчилар оқимининг ҳаддан ташқари кўплиги, бугунги эпидемиологик вазият туфайли транспортнинг бошқа турларида қатновларнинг амалга оширилишига рухсат этилмаганлиги, авиақатновлар сонининг ҳам чекланганлиги талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликнинг кескин ортиб кетишига сабаб бўлмоқда», – дея қайд этади Транспорт вазирлиги.
«Пандемиягача бўлган даврда Ўзбекиcтоннинг турли ҳудудларидан Россия Федерациясига “Uzbekistan airways” авикомпанияси ҳафтасига 87 та рейс бажарган бўлса, Россия авиакомпаниялари мамлакатимизнинг турли шаҳарларига ҳафтасига 97 рейс амалга оширган. Фақатгина авиақатновлар орқали ҳафтасига 40 000 дан ортиқ йўловчиларга хизмат кўрсатилган. Бундан ташқари Тошкент – Москва, Андижон – Москва, Тошкент – Қозон, Тошкент – Волгоград, Тошкент – Саратов, Тошкент – Новосибирск, Тошкент – Уфа, Андижон – Уфа йўналишларида мунтазам равишда ҳафтасига 13 та поезд қатновлари амалга оширилган. Шу билан бирга Тошкент – Москва, Тошкент – Санкт-Петербург, Тошкент – Қозон, Тошкент – Нижний Новгород, Тошкент – Омск, Тошкент – Новосибирск йўналишларида ҳафтасига 12 маротабадан автобус қатновлари амалга ошириб келинган».
Вазирликдагиларнинг қайд этишича, «Айнан юқорида келтириб ўтилган кўрсаткичларнинг ўзи ҳафтасига бор йўғи бир маротаба амалга оширилаётган мунтазам авиқатновларга чипталарнинг нима учун айни дамда сотувда қолмаганлигига изоҳ бўла олиши мумкин. Турли транспорт қатновларидан фойдаланган йўловчиларнинг барчаси ҳозирда ўрнатилган чеклов чоралари сабаб фақатгина авиқатновлар орқалигина сафарни амалга оширишга мажбур бўлмоқда».
Шарҳлар