Туризм инфратузилмасини ривожлантиришга 1 трлн сўм йўналтирилади – президент тегишли фармонни имзолади

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Автомобиль йўллари қўмитасига икки ой муддатда туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш, туризм инфратузилмаси ва ёндош инфратузилмани қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва модернизация қилиш ишларини олиб бориш, маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантириш, маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ҳамда ободонлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 триллион сўм миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан тенг улушларда ажратишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди. Бу ҳақда Президент фармонида сўз боради.
 
2021 йил 1 мартдан бошлаб Ташқи ишлар вазирлигининг масъул шахслари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ички туризм оқимини ташкил қилиш ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаган тақдирда, уларга Қўмита таклифига мувофиқ мукофот тўланиши, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда эса, белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланиши белгилаб қўйилди.
 
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда ички туризм оқимини ташкил қилиш ва хорижий сайёҳларни жалб қилишга оид 2021 йил бўйича асосий прогноз кўрсаткичларини ҳамда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлаш топширилди.  Шунингдек у ҳар ой якуни бўйича тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб боради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.