Урганчда ёш йигит 22 ёшли қизнинг интим суратларини ижтимоий тармоқларда жойлаштириш билан таҳдид қилган

Урганчда ёш йигит  22 ёшли қизнинг интим суратларини ижтимоий тармоқларда жойлаштириш билан таҳдид қилган

Хоразм вилоятининг Урганч туманида 22 ёшли қизнинг интим суратларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, пул талаб қилган йигит ушланди. Бу ҳақда Xabar.uz нашри вилояти ИИБ ахборот хизматига таянган ҳолда хабар беради.

Маълумотларга кўра, Урганч туманида яшовчи М.А. исмли аёл 24 июнь, чоршанба куни Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида 1998 йилда туғилган қизнинг интим расмларини қўлга киритган, Урганч туманида яшовчи 30 ёшли фуқаро Ш.Р. ижтимоий тармоқлар орқали ушбу расмларни тарқатиб юбориш билан таҳдид қилаётганини билдирган. Шу тарзда Ш.Р. шу пайтгача 9,6 миллион сўм миқдорида пул ва қимматбаҳо уяли телефонни олган бўлса-да, яна 15,8 миллион сўм миқдоридаги пулни товламачилик йўли билан талаб қилган.
 
Хоразм вилояти ИИБ ЖҚБ иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Ш.Р. талаб қилинган суммадаги пулни олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
 
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.