USAID Миссиясининг биринчи директори Ўзбекистонга ташриф буюрди
Бугун Микаэла Мередит АҚШ халқаро ривожланиш бўйича агентлигининг (USAID) Ўзбекистондаги Миссияси биринчи директори сифатида ўзининг вазифаларини бажаришга киришди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беради.
Микаэла Мередит USAID да риовжланиш соҳасида қарийб 30 йиллик иш тажрибасига эга. Янги лавозимга тайинланишдан олдин у 2018-2021 йилларда USAID нинг Албаниядаги мамлакатлар бўйича вакили ва 2015-2018 йилларда USAIDнинг Озарбайжондаги Миссияси директори сифатида фаолият кўрсатган. Шунингдек у Яман, Нигерия, Конго Демократик Республикаси ва Вашингтонда (АҚШ) ҳам лавозимларни эгаллаган. Нью-Йоркдаги Колумбия университетининг Халқаро муносабатлар мактаби магистри даражасига эга.
«Биз USAID нинг Ўзбекистон ҳукумати ва халқи билан ҳамкорлигининг янги босқичи бошланганини кузатяпмиз, – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги ишлар бўйича муваққат ишончли вакили Алан Мельцер. – USAIDнинг мамлакатдаги кенгайтирилган иштироки бизнинг Ўзбекистонни динамик хусусий секторни ва фуқаролик жамиятини яратишдаги, иқлим ўзгаришига қарши курашишдаги, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини модернизация қилишдаги ва самарали бошқарувни мустаҳкамлашдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш бўйича умумий қобилиятимизни оширади».
«Янги Миссиянинг таъсис қилиниши 2020 йилда қабул қилинган ва яқинда Байден маъмурияти томонидан тасдиқланган АҚШнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясининг бир қисми эди», – дейди Микаэла Мередит. «Ўзбекистонда USAID Миссиясининг биринчи директори бўлиш мен учун катта шараф ва имтиёз. Бу мен бутун масъулият билан киришадиган муҳим топшириқ», – дея қўшимча қилади у.
USAID нинг Ўзбекистондаги икки томонлама миссияси 2020 йил сентябрь ойида таъсис этилган эди. Янги миссия АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистон ҳукумати ва халқига узоқ муддатли садоқатини таъкидлайди, дея қайд этади элчихонадагилар.
Фотосурат: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси
Шарҳлар