UzAuto Motors: автомобилларнинг нархи асосли
UzAuto Motors компанияси “автомобилларнинг қиймати асосли эканини ва ҳозирги ҳолатда уларнинг нархини пасайтириш имкони йўқлигини” билдирди.
19 август куни Монополияга қарши курашиш қўмитасида “Рақобат тўғрисида”ги қонун бузилиши белгилари бўйича UzAuto Motors АЖ га нисбатан қўзғатилган навбатдаги иш тингланди.
«Мунозарали масалаларни асослаш учун зарур бўлган қўшимча материалларни тайёрлаш учун муддатлар қисқа бўлгани сабабли UzAuto Motors АЖ томонидан ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш ҳақида илтимоснома юборди (12.10.2005 йилдаги 225-сонли ВМҚга мувофиқ). Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш бир томонлама тартибда кўриб чиқилган, унинг якунлари бўйича тўлиқ бўлмаган маълумотларга асосланган қарор қабул қилинган», – дейилади компания хабарида.
UzAuto Motors компаниясининг таъкидлашича, компания фаолиятини суд томонидан ишнинг кейинги кўриб чиқилиши жараёнида чуқур ва асосли ўрганиш мумкин, компания ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш ниятида.
Бундан олдин Монополияга қарши курашиш қўмитаси ишлаб чиқариладиган автомобилларга юқори монопол нарх қўлланган, натижада енгил автомобиллар нархи ўртача 10,2% га ошган деган хулосага келганди. Қўмита махсус комиссияси компанияга қайта ҳисоблаш ишларини ўтказишни ва истеъмолчиларга (машина моделига қараб) 3 млн сўмдан 19 млн сўмгача асоссиз устамаларни қайтаришни топширди.
Шарҳлар