Ўзбекистон 2,2 млн доза AstraZeneca вакцинасини олади
Бугун Ўзбекистон COVAX – Эпидемияларга тайёрликни таъминлашда инновациялар учун коалиция (CEPI) глобал ҳамкорлиги, Вакциналар ва иммунизация бўйича Глобал альянс (GAVI), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССИ) ва БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) орқали етказиб берилган COVID-19 га қарши 660 минг доза AstraZeneca вакцинасини олди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига ЮНИСЕФ маълум қилади.
660 000 та дозани етказиб бериш – бу COVAX доирасидаги 2 256 000 та дозадан Ўзбекистон учун ажратилган биринчи партия ҳисобланади. Вакциналарнинг қолган қисми яқин ойларда етказиб берилади.
«Бу бутун дунёда COVID-19 га қарши вакциналарни адолатли тақсимлашни таъминлаш бўйича мақсадимиз сари қўйилган тарихий қадамдир» – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзода. «Вакциналардан тенг ва адолатли қойдаланиш пандемияни тўхтатишда муҳим элемент ҳисобланади, биз барча учун вакциналардан фойдаланиш имкониятини таъминлашимиз керак».
Мунир Мамедзаде. Фотосурат: ЮНИСЕФ
ЮНИСЕФ Ўзбекистонда вакцина жорий этиш миллий режасини ишлаб чиқишда ёрдам берди ва COVID-19 га қарши эмлаш ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича коммуникация кампаниясини бошқарди. ЖССТ ўқув модулларини тайёрлашда ва бевосита аҳоли билан ишлайдиган тиббий ходимлар учун тренинглар ўтказишда кўмаклашди.
«Бирортаям мамлакат бу вакцинани рад этгани йўқ. Айни пайтда бир нечта мамлакат ундан фойдаланишни тўхтатишга қарор қилди, холос. Бу ҳақида бугун Европа Иттифоқининг профилли бўлинмасида маълум қилинди. Яъни кузатилаётган ножўя самаралар бевосита AstraZenecа вакцинаси билан боғлиқ деган узил-кесил хулоса йўқ. Шу боис ЖССТ эмлашни давом эттиришни тавсия қилади», – деб ёзади UzNews нашри Мунир Мамедзоданинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда.
– AstraZeneca билан оммавий эмлаш ишлари Наврўз байрамидан кейин бошланади, биринчи навбатда, юқори даражада хатар гуруҳига кирувчи шахсларни эслаш режалаштирилган, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик соғлиғи хизматининг бошлиғи Баҳодир Юсупалиев.
Бу орада Германия, Франция ва Италия Европа дори воситалари агентлигининг (EMA) тергов натижаларини кутаётганини билдирмоқда. Ушбу мамлакатлар “эҳтиёт чораси” сифатида эмлашни тўхтатишга қарор қилганини билдиришди.
Шу билан бирга, ЖССТ мамлакатларни ўз эмлаш дастурларини тўхтатмасликка чақирмоқда, дея қайд этади BBC.
Шарҳлар