“Ўзбекистон билан бирдамлик” акцияси доирасида онкологик бемор болалар учун ускуналар харид қилинди
“Ўзбекистон билан бирдамлик” инсонпарварлик акцияси дорасида хориждаги юртдошларимиз томонидан тўпланган 28,6 минг доллар миқдоридаги маблағларнинг биринчи транши Ўзбекистонда коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашишга кўмаклашиш мақсадида Ezgu Amal жамғармасининг ҳисобига ўтказилди.
Ушбу маблағлар ҳисобидан Тошкент шаҳар онкологик диспансерининг болалар бўлими учун 47,5 млн сўмлик (4,7 минг доллар) 5 та инфузион насос (инфузоматлар) харид қилинди. Инфузион насослар, инфузиянинг зарур тезлиги ва ҳажмини белгилаган ҳолда препаратларни вена ичига дозалаб киритиш учун қўлланади.
Шунингдек 39 млн сўм (3,9 минг доллар)га Тошкент шаҳар онкологик диспансери ва Тошкентдаги Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтининг болалар бўлимлари учун 5 та кондиционер харид қилинди.
Акция ташкилотчилари қолган 20 минг доллардан мақсадли фойдаланиш вариантлари ва таклифларини ўрганмоқда.
Эслатиб ўтамиз, хайрия акцияси давом этмоқда ва 50 минг еврогача тўпланган маблағлар ЕТТБнинг махсус гарнти доирасида икки баравар оширилади. Ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашни хоҳловчилар маблағларни GoFundMe платформаси орқали ва/ёки Ezgu Amal жамғармасининг махсус ҳисобрақамига ўтказишлари мумкин (UzCard : 8600 0304 9286 9502).
Маблағлар сарфланишининг тўлиқ ҳисоботи «Solidarity with Uzbekistan» хайрия ҳаракатининг сайтида максимал шаффофлик билан ёритилади (ҳисоб-фактуралар, фотоҳисобот ва бошқ.).
Шарҳлар