Ўзбекистон болалар боғчаларида дастурлашга ўргатувчи роботлар пайдо бўлади

Жанубий Корея Ўзбекистондаги болалар боғчаларига робототехника ва дастурлаш кўникмаларини ўргатиш учун 275 дона ақлли робот ва 350 та қўлланмани совға қилди. Болаларга робототехника ва дастурлаш кўникмаларини ўргатиш учун мўлжалланган Albert ва Genibot ақлли роботларини топшириш маросими 9 февраль куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

Тадбир МТВ, KIRIA робот саноатини ривожлантириш институти, Корея ўқитувчилари уюшмаси, шунингдек, FRG Korea, Dazzle Edu, Genie Robot ва SK Telecom компаниялари вакиллари иштирокида онлайн тарзда бўлиб ўтди.

«Биз болалар боғчаларида дастурлаш кўникмалари ҳақида гапирганда, код ёзишни назарда тутмаймиз. Гап замонавий реал ҳаёт шароитларида муваффақият гарови бўлмиш алгоритмик тафаккурни ривожлантириш ҳақида кетмоқда. Ўйин услубидаги роботлар ижодкорлик, мантиқ, намуналарни таниб олиш ва оптимал ечимларни топиш қобилиятларини ривожлантиради”, – дейди МТВ ҳузуридаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион марказининг директори Оятилло Рахматиллаев.

Albert ва Genibot роботлари 6 ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган. Биринчи босқичда бола тайёр кодлаш карталари ёрдамида ўйинчоқни ҳаракатланишга, кўзини милтиратишга, гапиришга мажбур қилади. Шу тарзда у код блокларининг қандай ишлашини тушуниб олади. Ёши каттароқ болалар роботни смартфонга улаб, ўз буйруқлари ва алгоритмларини яратишлари мумкин.


 
Роботларга асосланган ўқув дастури Жанубий Кореяда яхши натижаларни кўрсатган, деб таъкидлайди ХТВ. Ҳукумат кўмаги билан у ерда 140 та ўқув хонаси очилиб, мамлакат бўйлаб мингдан зиёд ўқувчини қамраб олди. Франция, Испания, Коста-Рика ва Перудаги мактаблар ва болалар боғчалари шу каби синов дастурларини бошлади.
 
Роботлар бутун Ўзбекистон бўйлаб 53 та болалар боғчаларида тарқатилади. Ўқитувчиларни жойларда ўқитиш ва пилот лойиҳа натижаларини мониторинг қилиш ХТВ ҳузуридаги Инновация маркази томонидан амалга оширилади.

Агар лойиҳа муваффақиятли якунланса, ХТВ кўпроқ болалар боғчаларини ақлли роботлар билан таъминлашни ва ногирон болалар учун дастур билан уларнинг функцияларини тўлдиришни режалаштирмоқда. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.