Ўзбекистон Демократия индексида 155-ўринни эгаллади

The Economist Intelligence Unit томонидан тузилган демократия рейтингида Ўзбекистон 167 та мамлакат ичида 155-ўринни эгаллади.
 
2020 йил рейтингида Ўзбекистон 2,12 балл тўплади ва 2019 йилга нисбатан 2 поғона кўтарилди. Ушбу натижа индекснинг «Сиёсий иштирок» индикатори бўйича Ўзбекистонга берилган баллар яхшиланганлиги (2,22дан 2,78 баллга кўтарилган) эвазига эришилган. Лекин, мамлакат «авторитар режимлар» рўйхатида қолган.
 
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон 3,14 балл билан 128-ўринни эгаллади а ва ўтган йилга нисбатан 11 поғонага кўтарилди. Қирғизистон эса 4,21 балл билан 107-ўринга тушиб кетди (2019 йил 101-ўринда бўлган). Тожикистон 1,94 балл билан 159-ўринда ва Туркманистон 1,72 балл билан 162-ўринда қолишди.
 
Кўрсаткичларга кўра, минтақадаги «авторитар режимлар»да ҳолат 2019 йилга нисбатан озгина яхшиланган. Лекин, тадқиқотчилар демократик ислоҳотлар бўйича узоқ муддатли ривожланишга эришилмаганлигини ва яқин йилларда ушбу категориядаги давлатларда сезиларли ўзгариш бўлиши кутилмаётганлигини таъкидлаган.
 
The Economist Intelligence Unit Демократия индекси”ни 2006 йилдан бери нашр этиб келади. Рейтинг беш тоифага асосланади: сайловлар ва плюрализм; ҳукумат фаолияти; жамоатчиликнинг сиёсатдаги иштироки; сиёсий маданият; фуқаролик эркинликлари.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.