Ўзбекистон “диний эркинлик соҳасида алоҳида хавотир туғдирувчи” мамлакатлар рўйхатидан чиқарилиши мумкин
Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни “диний эркинлик соҳасида алоҳида хавотир туғдирувчи” мамлакатлар рўйхатидан чиқариши мумкин, деб ёзади Kun.uz нашри.
Комиссия 28 апрель куни эълон қилган ҳисоботида АҚШ давлат департаментига Ўзбекистонни “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатига ўтказишни тавсия этган.
Комиссия ҳисоботида Ўзбекистон 2019 йил давомида диний соҳада амалга оширган ўзгаришлар эътироф этилиб, айниқса «Жаслиқ» қамоқхонасининг ёпилгани алоҳида таъкидланган.
«Ўзбекистон ҳукумати диний соҳага оид муаммоли қонунларни қайта кўриб чиқиши (ҳукумат шундай қилишни ваъда қилган) ва ҳибсда ушлаб турилганлар масаласини ҳал этиши зарурлигига қарамай, USCIRF сўнгги бир йилда кузатилган умидбахш ўзгаришларга асосланган ҳолда Давлат департаментига Ўзбекистонни «махсус кузатувдаги давлатлар» рўйхатига ўтказишни тавсия қилмоқда», – дейилади Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси ҳисоботида.
Шу ўринда АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни «диний эркинлик соҳасида алоҳида хавотир туғдирувчи давлатлар» рўйхатидан 2018 йил декабрида чиқарганини айтиш жоиз.
Бироқ USCIRF 2019 йил апрелида Давлат департаментининг бу қарорини маъқулламаган ва Ўзбекистонни «қора рўйхат»га қайтаришни маслаҳат берганди.
Шунга қарамай, Комиссия тавсияси Давлат департаменти томонидан инобатга олинмаган, АҚШ ташқи сиёсат идораси 2019 йил декабрида Ўзбекистонни «алоҳида кузатувдаги давлатлар» тоифасида қолдирганди.
Бош саҳифадаги фотосурат: Анвар Ильясов
Шарҳлар