Ўзбекистон фуқароси Киевдаги бизнес-марказда бомба портлатиш билан таҳдид қилди (янгиланди)
Киев полицияси “Леонардо” бизнес-марказидаги “Универсал Банк” бўлимида бомба портлатиш билан таҳдид қилган эркак билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда “Медуза” нашри Украина ИИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Антон Герашченкога таянган ҳолда хабар беради.
Тушга яқин банк бўлимига 35 ёшлардаги эркак кирган. У рюкзагида бомба борлигини айтиб, полицияни чақиришни сўраган. Банк ходимлари бинони тарк этган, бўлим раҳбари эса қолган, дейди Герашченко.
У фейсбукка жиноятчининг фотосуратини жойлаштирган. ИИВ маълумотларига кўра, бу Ўзбекистон фуқароси – Суҳроб Каримов. “Унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига қараганда, у руҳий беқарор одам”, – деб ёзади ИИВ вакили ўз постида.
“РИА Новости” тарқатган ахборотга кўра, босқинчи тўғридан-тўғри эфирга чиқиш имкониятини талаб қилмоқда.
Янгиланди: Украина хавфсизлик хизмати Киевдаги бизнес-марказда аёлни гаровга олган ва бомба портлатиш билан таҳдид қилган Суҳроб Каримовни қўлга олди, дея хабар беради “РИА Новости”. Буни ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Антон Герашченко ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, террорчи тириклай қўлга олинган, портлаш содир бўлмаган. Воқеа жойида портлаш бўйича мутахассислар ишламоқда.
Махсус амалиёт бошланишидан олдин бинога журналистлар кирган – террорчи унга тўғридан-тўғри эфир тақдим этишларини талаб қилган. Жиноятчини журналистлар билан суҳбат чоғида қўлга олишган. Унинг қўлида гаровда бўлган банк ходимаси жабрланмаган.
Бош саҳифадаги фотосурат: Hromadske
Шарҳлар