Ўзбекистон Халқ-демократик партияси кексалар ва ногиронларни парвариш қилишни иш стажига киритишни таклиф қилмоқда

Ўзбекистон Халқ-демократик партияси кексалар ва ногиронларни парвариш қилишни иш стажига киритишни таклиф қилмоқда

Халқ-демократик партияси иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда ногиронлиги бор болалар ва кексалар парваришини иш стажига қўшиб ҳисоблаш кўзда тутилган нормани бекор қилиш масаласини қайта кўриб чиқишни таклиф этмоқда.

Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлганлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуни 37-моддаси 1-қисми “д” бандида I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болага, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож 80 ёшга тўлган шахсларга қараб турилган вақт ёшга доир пенсия тайинланаётганида иш стажига қўшиб ҳисобланиши назарда тутилган. Бироқ ушбу қонуннинг 37-моддаси 2-қисмида чекловлар ўрнатилган. 

Қонундаги ушбу чеклов ногиронлиги бор болаларнинг парвариши билан банд бўлган ота ва оналарга пенсия таянч миқдорини олиш учун зарур бўлган иш стажини тўплаш имконини бермайди. Оқибатда шундай ота-оналарга ёшга доир пенсия тайинланаётганда қийинчиликларга дуч келинмоқда, дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг хабарида.

Халқаро амалиётда ногиронлиги бўлган шахсларнинг парвариши билан банд бўлган фуқароларга пенсия таянч миқдорини белгилашда ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Аксинча, пенсияга чиқишда бундай фуқаролар учун қўшимча имтиёз ва компенсация тўловлари берилади. Мисол учун, Австралия, Дания, Норвегия, Шимолий Ирландия, Франция, Япония давлатларида ногиронларнинг парвариши билан банд бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида давлат дастурлари қабул қилиниб, уларнинг ижтимоий ҳимояси кафолатланган. Шунингдек, ижтимоий таъминот тизими мамлакатимизга яқин ҳисобланадиган Россия, Белорусь ва Қозоғистон давлатларининг қонунчилигида ҳам ногиронлиги бор шахсларнинг парвариши билан банд бўлган фуқароларга пенсия тайинлашда чекловлар мавжуд эмас, аксинча, бир қатор енгилликлар белгиланган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.