Ўзбекистон ҳудудларида муз қопламали майдончалар барпо этилади
2020–2023 йилларда Ўзбекистон ҳудудларида давлат-хусусий шериклиги шартларида енгил конструкциялардан муз қопламали ёпиқ майдончалар барпо этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Қишки спорт турларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
2020-2023 йилларда қишки спорт турларини ривожлантириш дастури “Ўзкўргазмасавдо” биноси базасида замонавий муз саройини ташкил қилишни кўзда тутади.
2023 йил 1 январга қадар Қишки спорт турлари ассоциацияси, Ўзбекистон хоккей федерацияси, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, қишки спорт турлари бўйича профессионал клублари ва нодавлат болалар спорт мактаблари:
– мол-мулк солиғи ҳамда жалб қилинган хорижий спортчилар ва мутахассисларнинг даромадларига ижтимоий солиқ ставкаларини 50 фоизга камайтирилган ҳолда тўлайди;
– белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари ва махсус профессионал спорт кийимлари, транспорт воситалари, шу жумладан, махсус транспорт воситаларини олиб кирганлик учун божхона божи тўлашдан озод қилинади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт унверситетида қишки спорт турлари кафедраси ташкил қилинади.
Шарҳлар