«Ўзбекистон ҳукумати хорижий журналистларнинг муаммолар ҳақида ёзишини хоҳламаяпти» – польшалик журналистга аккредитация бериш рад этилгани ҳақида

“Аёллар журналистикада” коалицияси (Нью-Йорк нотижорат ташкилоти)нинг аъзоси, доимий Тошкентда истиқомат қилувчи журналист Агнешка Пикулицка (Agnieszka Pikulicka) Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими томонидан тегажоғликлар ҳақида, кейин эса аккредитация олишда босим ўтказилгани тўғрисида 1 февраль куни ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилган, деб ёзади “Газета” нашри.
 
Унинг сўзларига кўра, бунга сабаб «унинг аккредитация қилинган ОАВдан бошқа ОАВ учун ҳам ишлаши бўлган». ТИВ аккредитация бўйича жавобни қонун бўйича 2 ойда эмас, балки 6 ойда берган.

«Ўзларига баҳона топишга олти ой вақт кетди. Менинг ТИВ билан муносабатларим ана шундай. Аккредитацияни ўтган йили олдим. Менга ТИВда Рустамни [ходимни] бириктириб қўйишди. Даставвал у менга фойдали бўлиб кўринганди, аммо тез орада уни  ишдан кўра кўпроқ бошқа нарса қизиқтираётгани маълум бўлди.

У мени ўпишга уринди, ва рад жавобини олгач ҳам, менга учрашишни таклиф қилаверди», — дейди журналист.
 
ТИВ ходими унга ёзишда давом этган. «Бир неча кундан кейин мен ишдан бошқа ҳеч қандай алоқага қизиқмаслигимни айтдим. Унинг жавоби: „Нега? Йигитинг борми?“.  Мен хушмуомала бўлишим керак эди, чунки аккредитацияни 11 ой кутгандим», — дейди у.
 
Тегажоғликлик тугаганидан кейин менга босим бошланди. Аввалига у мендан карантин ҳақида ижобий мақола ёзишимни сўради, чунки “салбий янгиликлар жуда кўп” экан. Мен ёзмайман дедим, чунки ўша пайтда Ўзбекистондан ташқарида эдим», — дейди у.


 
Агнешка Вилчевсканинг қайд этишича, бир неча ой давомида ёпиқ чегаралар сабабли Ўзбекистонга кела олмаган. «Чартер рейслар бор эди, лекин вазирлик менга чипта сотиб олишга рухсат бермади (бир томонга чипта 500 АҚШ доллари эди).  
 
У август ойида ТИВ ходими ундан яна ижобий мақола ёзишни сўраганини таъкидлайди.

«Пандемия авжига чиққан пайт, коррупция бўйича низолар, Ўзбекистондаги одамлар тирик қолишга чоралари йўқ бўлган давр, минглаб одамлар Сардоба воқеасидан сўнг яшаш жойларидан ажралган. Миллионлаб муаммолар орасида қандай қилиб ижобий мақола ёза олишимни ундан сўрадим? Менга объектив эмаслигимни ва журналист эмаслигимни айтишди. Менинг жаҳлим чиқди ва унинг устидан шикоят ёзишимни айтдим».

 

Кейинги кун журналист шикоят ёзган. Агнешка Вилчевска ТИВ ходими Telegram`даги ёзишмаларни ўчирганини, лекин унда скриншотлар борлигини айтган. Шикоят бўйича унга ҳеч ким жавоб қайтармаган.

У янги аккредатация учун ариза берган ва 1 февраль куни жавоб олган. «Менинг аризамга рад жавобларини беришларининг расмий сабаби фақат баҳона», — дейди у. 

«Ўзбекистон ҳукумати халқаро журналистларнинг муаммолар ҳақида ёзишини хоҳламайди, уларга бундай оммавийлик керак эмас. Улар туризм ва бўлмаган ривожланиш ҳақида мақолалар хоҳлашади. Сизга эслатиб ўтаман, мен бу ерда жойлашган инглиззабон ягона журналистман», деб якунлайди ҳикоясини журналист. 

Агнешка Пикулицка-Вилчевска Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари унга ҳар сафар мақола ёзмоқчи бўлганида алоҳида аккредитацияга ариза топширишни маслаҳат беришганлигини ҳам айтади.

Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолат бўйича ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгашининг раиси Комил Алламжоновнинг айтишича, журналистнинг шикояти “бизда жуда жиддий ташвишни уйғотади ва шубҳасиз аниқлик киритишни ва пухта ўрганишни талаб қилади”.

Агнешка Пикулицка — польшалик мустақил журналист, охирги йилларда постсовет ҳудудида, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқдаги сиёсий ва ижтимоий мавзуларни ёритиб келади. Унинг мақолалари Al Jazeera English, The Guardian, Eurasianet, The Diplomat ва бошқа кўплаб инглиз ва поляк тилларидаги ОАВда чоп этилади.

Бош саҳифадаги фотосурат: fb.com/apikulicka
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.