Ўзбекистон келаси йилдан бошлаб Ядро тадқиқотлари бирлашган институтидаги иштирокини тикламоқда

Ўзбекистон келаси йилдан бошлаб Ядро тадқиқотлари бирлашган институтидаги иштирокини тикламоқда

23 ноябрь куни Ядро тадқиқотлари бирлашган институти (ЯТБИ)га аъзо мамлакатларнинг ваколатли вакиллари қўмитасининг йиллик сессияси ўтказилди. Тадбир доирасида 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистоннинг ЯТБИдаги тўлақонли аъзолигини тиклаш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Фанлар академиясининг матбуот хизмати хабар беради. 

«Ўзбекистон Республикасининг ЯТБИга тўлақонли аъзолиги маҳаллий мутахассисларни йирик халқаро лойиҳаларда иштирок этишини ҳамда ядро технологиялари, ядровий тиббиёт, ахборот технологиялари ва материалшунослик йўналишларида юқори малакали кадрлар тайёрлашда кенг имкониятлар яратади», – дейилади хабарда.

Қайд этиб ўтамиз, 2015 йилда мамлакатнинг институтдаги тўлақонли иштироки республиканинг қарзлари туфайли тўхтатилган эди. Айни пайтда қарз суммасининг 60% дан ортиғи узилган. Қолган қисми 20 йил давомида тўланади.
 
Ядро тадқиқотлари бирлашган институти – бу йирик халқаро ҳукуматлараро ташкилот, дунёга машҳур илмий марказ бўлиб, у энг янги технологиялар ривожлантириш ва қўллаш билан фундаментал ва амалий тадқиқотларни муваффақиятли бирлаштиришнинг ноёб намунасидир.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.