Ўзбекистон. Коронавирус бўйича охирги янгиликлар билан танишинг

Коронавирусга чалинишлар сони 2762 тага етди, 2247 нафар киши соғайди. Ушбу хабарда коронавирус мавзуси бўйича шу соатга тўпланган янгиликларни ўқишингиз мумкин, расмий ахборотни эса бу ерда кузатиб бориш мумкин.

Бугундан бошлаб Тошкентда шахсий автомобилда эркин ҳаракатланишга рухсат берилди

Аммо фақат муайян вақтларда ҳаракатланиш мумкин – эрталаб соат 6 дан кечки соат 10 гача. Бунда транспорт воситасининг салонида йўловчилар сони 4 кишидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Коронавирусга чалинган 12-бемор вафот этди

Сирдарёлик фуқаро И. 5 май куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига икки томонлама пневмония ташҳиси билан ётқизилганди. Таҳлиллар унда коронавирус борлигини кўрсатди.
11 май куни беморнинг ҳолати ёмонлашди, уни ўткир икки томонлама бронхопневмониянинг оғир шакли диагнози билан реанимацияга ўтказишди ва ўпкани сунъий вентиляциялаш аппаратига улашди. Фуқаро юрак-қон томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этди.
 
Россиянинг Самара областида қолиб кетган Ўзбекистон фуқаролари автобусларда олиб чиқилади

Эслатиб ўтамиз, сал аввалроқ 600 га яқин Ўзбекистон фуқароси чегаралар очилиши ҳақидаги ахборотга ишониб, Қозоғистон чегарасига етиб келганди. «Фуқароларимизни олиб чиқиш учун автобуслар ташкил қиламиз. Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам фуқароларни Ўзбекистонга ташиш учун транспорт ажратади», -дея қайд этади Ўзбекистоннинг Татаристондаги бош консули Фариддин Насриев.

Шунингдек бош консулликнинг қайд этишича, чегара ҳудудига янгидан келадиган фуқаролар ундан ўтолмайди. «Чегара ёпиқ, биз фуқароларимизни фақат бир марта истисно тариқасида ўтказяпмиз», – дейди Насриев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.