Ўзбекистон. Коронавирус бўйича шу соат янгиликларини ўқинг
Коронавирусга чалинишлар сони 2652 тага етди, 2136 нафар киши соғайди. Ушбу хабарда коронавирус мавзуси бўйича шу соатга тўпланган янгиликларни ўқишингиз мумкин, расмий ахборотни эса бу ерда кузатиб бориш мумкин.
15 майдан карантин тоифасига қараб қатор фаолиятларга рухсат берилади
Хусусан, “қизил” тоифа зонасида якка тартибдаги ҳунармандчиликка; автомобиллар ва қишлоқ хўжалик техникасига техник хизмат кўрсатишга; электрон ва мобил қурилмаларни таъмирлашга; ижара ва лизинг хизматларини кўрсатишга: бухгалтерлик хизматларини кўрсатишга рухсат берилади.
“Сариқ” тоифа зонасида юқорида кўрсатилган фаолиятларга қўшимча равишда риэлторлар хизмати, реклама ва маркетинг фаолияти, бандлик бўйича хусусий агентликлар фаолияти, меҳмонхоналар ошхоналарида таомлар тайёрлаш ва уларни хоналарга етказиб бериш, истироҳат боғларининг фаолиятига (аттракционлар, кўнгилочар объектлар ва тез овқатланиш пунктлари бундан мустасно) рухсат берилади. Истироҳат боғлари ва дам олиш зоналарига карантин талабларига қатъий мувофиқ тарзда соат 9:00 дан 20:00 гача гуруҳларга ажратиб (кўпи билан 2 киши, оилавий гуруҳлар бундан мустасно) киритилади.
“Яшил” тоифа зонасида юқорида кўрсатилган фаолиятларга қўшимча равишда сунъий қопламали очиқ спорт майдонларининг фаолияти (ташриф буюрувчилар сонини чеклаш, ечиниш ва душ хоналаридан фойдаланмаслик ва ижтимоий масофага амал қилиш билан), компьютер ва полиграфия хизматлари, музейлар фаолияти (ташриф буюрувчилар сонини чеклаш ва ижтимоий масофага амал қилиш билан), ветеринария хизматлари, биноларга хизмат кўрсатиш ва ландшафт ишларига рухсат берилади.
Тошкентнинг “Улуғбек” маҳалласида карантин кучайтирилди
Мирзо Улуғбек туманида жойлашган ушбу маҳаллага кириш ва чиқиш ёпилди, уларга блокпостлар қўйилди. Фуқароларга уйдан фақат зарурат бўйича ва фақат бир киши чиқишига рухсат берилган. Бундай чора коронавирусга чалинганлар сони ўсгани сабабли қабул қилинган.
Германиялик мутахассислар Ўзбекистоннинг карантиндан чиқиш стратегиясини қўллаб-қувватлади
Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва немис институтининг 50 дан ортиқ мутахассиси видеоконференция режимида карантиндан чиқиш стратегиясини муҳокама қилди.
«Карантиндан чиқиш унга киришга қараганда қийинроқ. Ўзбекистон ҳудудларни касалланиш даражасига қараб турли зоналарга ажратган ҳолда жуда тўғри стратегияни танлади», — деди учрашув давомида Институтнинг Халқаро соғлиқни муҳофаза қилиш маркази (ZIG) раҳбарининг ўринбосари Андреас Янсен.
Шарҳлар