Ўзбекистон. Коронавирус бўйича янгиликлар билан танишинг

Ўзбекистон. Коронавирус бўйича янгиликлар билан танишинг

Коронавирусга чалинишлар сони 2802 тага етди, 2314 нафар киши соғайди. 18 май куни 38 та тасдиқланган ҳолат аниқланган бўлиб, улардан 18 таси Тошкентда, 14 таси Самарқанд вилоятида ва 6 таси Навоий вилоятида қайд этилган. Ушбу хабарда коронавирус мавзуси бўйича шу соатга тўпланган янгиликларни ўқишингиз мумкин, расмий ахборотни эса бу ерда кузатиб бориш мумкин

Президент “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади

Ушбу ҳужжатга кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари; бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади.
 
Айрим микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси камайтирилди

2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга (акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилади. Микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилади.

Моддий ёрдам олувчилар сони 10% га оширилади

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 июндан бошлаб қўшимча 10 фоизга оширилади.

Россияда қолиб кетган ўзбекистонликлар 18 ва 19 май кунлари олиб чиқилади

Ҳозир “Маштаково” назорат-ўтказиш пунктида тўпланиб қолган жами 1100 киши Ўзбекистонга олиб келинади. Ўзбекистон ТИВ Россия ҳудудидаги юртдошлардан “Маштаково” назорат-ўтказиш пунктига ёки бошқа ўтиш пунктиларига боришга ҳаракат қилмасликни, ҳозирги бўлиш жойларида қолишларини сўрамоқда.

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 1,36 млн доллар миқдорида грант ажратди

Грантдан соғлиқни сақлаш ходимлари учун индивидуал ҳимоя воситалари ва бошқа тиббий мақсадда қўлланадиган буюмларни харид қилиш учун фойдаланилади. Шунингдек ОТБ Ўзбекистон яна 800 та ўпкани сунъий вентиляциялаш аппаратларини харид қилиши учун жорий қарздан 19,5 млн долларни қайта тақсимлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.