Ўзбекистон коронавирусга қарши 100 минг дона вакцина буюртма қилди
Ўзбекистонга Pfizer ва BioNTech компаниялари ишлаб чиқарган вакцинадан 100 минг доза олиб келинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради, деб ёзади UzNews нашри.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан “COVID-19”га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун мамлакатимиз аҳолисининг 20 фоизи миқдорида буюртма тайёрланиб, COVAX фондига юборилди», – дейди Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги хизматининг раҳбари Баҳодир Юсупалиев.
Ҳозир коронавирусга қарши вакцинация жараёнини пухта режалаштириш ва тиббий ходимларни махсус хавфсиз эмлаш шароитларига ўргатиш бўйича ишлар бошланган.
Маълум қилинишича, Pfizer/BioNTech вакцинаси юқори совуқлик занжирига жиддий риоя этган ҳолда -70 даража ҳароратда сақлашни талаб этади. Ўзбекистонда эса ушбу даражадаги ҳароратни сақлайдиган музлатгичлар мавжуд.
Шунингдек, эмлаш жараёнига тайёргарлик кўриш мақсадида GAVI ташкилоти томонидан 17 та катта хажмдаги рефрижераторлар ва 206 та юк ташувчи минивен автотранспорт воситалари тақдим этилган ва мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди ва туманига етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шарҳлар